A-
 A 
A+
http://www.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
http://www.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
http://www.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://www.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
http://www.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://www.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
Ўтганларга хатми Қуръон бағишлаш ҳақида
PDF Босма E-mail

 

 

Динимиз Ислом инсонийлик динидир, одоб-ахлоқ динидир, яхшилик ва эзгулик динидир. Шу боис Исломда ўтганларни хотирлаш, уларнинг ҳақларига дуо қилиш тарғиб қилинган. Қуръони Карим мусулмон умматини ўз ўтмишдошларини хотирлаб, ҳақларига мағфират сўраб дуода бўладиган уммат, дея таърифлаган. Аллоҳ таоло Ҳашр сурасида шундай дейди:

«Улардан кейин келганлар: «Роббимиз! Бизларни ҳам, биздан олдин иймон билан ўтган биродарларимизни ҳам мағфират қилгин ва бизнинг қалбимизда иймон келтирганларга нисбатан ғилли ғаш қўймагин. Роббимиз! Албатта, Сен ўта шафқатли ва раҳмлисан» (Ҳашр сураси, 10 оят).

«Улардан кейин келганлар» дейилганда Ислом умматининг илк авлоди – саҳобалардан кейинги мусулмонлар, умуман олганда, мусулмонларнинг кейинги авлодлари назарда тутилган. Демак, Ислом умматининг хусусиятларидан бири шуки, уларнинг кейинги келганлари олдин ўтганларини яхшиликда ёдга олиб, ҳақларига хайрли дуоларда бўлади.

Ушбу илоҳий таълим асрлар оша мусулмон оламида амалда жорий бўлиб келган. Шу билан бирга, ўтганларнинг номидан яхши амаллар қилиб, савобини уларга бағишлаш ҳам бевосита Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг тавсиялари билан шариатимизда жорий қилинган амалдир. Бу мавзуга оид диний таълимотларни чуқур ўрганган уламоларимиз Қуръон тиловат қилиб, савобини ўтганларнинг ҳаққига бағишлаш ҳам мазкур шаръий кўрсатма остига дохил эканини таъкидлайдилар. Улар: «Бу борада келган ҳадислар ўрганилса, Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ўтган кишисининг номидан бирор эзгу амал қилмоқчи бўлиб, унинг савоби етиши ҳақида сўраган кишиларга: «Ҳа, савоби етади», деб жавоб берганлар. У Зотдан Қуръон тиловатининг савоби етиши ҳақида сўралгани ривоят қилинмаган бўлса-да, бошқа саволларга берган жавобларидан хулоса қилиш мумкинки, агар у ҳақда сўралганда, унга ҳам «Ҳа, савоби етади», деб жавоб берган бўлардилар», дейдилар.

 

Бадриддин Айний (раҳматуллоҳи алайҳ) ўзининг «Саҳиҳи Бухорий»га ёзган шарҳида Ибн Аббос (розияллоҳу анҳумо)дан ривоят қилинган, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг хурмо новдасини икки қабрга суқа туриб: «Шояд, шу сабаб булардан азоб енгиллатилса», деган ҳадисларининг изоҳида жумладан, қуйидагиларни айтади: «Хаттобий айтади: «Бу ҳадисда қабр устида Китоби Азизни (Қуръонни) ўқиш мустаҳаб эканига далил бор, чунки дов-дарахтнинг тасбеҳи туфайли маййитга азоб енгиллатилиши умид қилинар экан, Қуръони Азим тиловатида умидворлик ва барака янада улкандир».

Мен айтаман: «Одамлар (яъни уламолар) бу масалада турлича фикр айтганлар. Абу Ҳанифа ва Аҳмад (раҳматуллоҳи алайҳумо) «Қуръон қироатининг савоби маййитга етади», деган фикрни қўллаганлар. Бунга далил Абу Бакр Нажжорнинг «Сунан» китобида Али  (розияллоҳу анҳу)дан қилган ушбу ривоятидир: «Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Ким қабрлар ўртасидан ўтиб қолиб, «Қулҳуваллооҳу аҳад»ни ўн бир марта ўқиб, сўнг унинг ажрини ўлганларга бағишласа, унга ўлганларнинг ададича савоб берилади», дедилар». (Буни Дорақутний ҳам ривоят қилган). У яна ўз «Сунан»ида Анас (розияллоҳу анҳу)дан марфуъ шаклда ривоят қилади: «Ким қабристонга кириб, Ёсин сурасини ўқиса, ўша куни улардан азоб енгиллатилади».

Бадриддин Айний шу каби айрим ривоятларни келтиргач, «Ўтганларга намоз, рўза ва садақанинг савоби етишининг ўзи Қуръон тиловатининг ҳам савоби етишини билдиради», дейди. Закариё Ансорий (раҳматуллоҳи алайҳ) «Ал Лубаб»да: «Бунга (тиловатнинг савоби ўлганга етишига) далолат қиладиган нарсалардан бири шуки, мусулмонлар барча асрларда Қуръон ўқиб, ўтганларига бағишлаганлар ва буни ҳеч ким инкор этмаган. Бинобарин, бу ижмоъ бўлган», дейди. Маъқал ибн Ясор (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Ўликларингизга Ёсин сурасини ўқинглар», дедилар».

Бу ҳадисни имом Абу Довуд ва Насоий ривоят қилишган, Ибн Ҳиббон саҳиҳ деб айтган ва: «Бу ерда ўлим тўшагидаги инсон назарда тутилган», деган. Аммо кўпчилик уламолар: «Лафз умумий бўлгани учун бу ҳадис ўлим тўшагида ётган кишини ҳам, ўлган одамни ҳам ўз ичига олади», дейишади.

Ибн Обидин (раҳматуллоҳи алайҳ) ўзининг машҳур асари –«Роддул мухтасар»да юқорида зикр қилинган ҳадисларни, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг умматлари номидан қурбонлик қилганлари, Қуръони Каримда ота-онага мағфират сўраб дуо қилишга тарғиб қилингани ва яна бошқа далилларни санаб ўтгач: «Буларнинг ва бунга ўхшаш биз чўзилиб кетишидан қўрқиб келтирмаган далилларнинг барчаси амалда бошқанинг шерик бўлишини, яъни бошқанинг амалидан манфаат олиш борлигини тавотур даражасига олиб чиқади», дея хулоса ясайди.

Умуман олганда, ҳанафий мазҳабининг деярли барча мўътабар манбаларида садақа, намоз, рўза, тиловат ва бошқа яхши амалларни бошқанинг номидан қилиш мумкинлиги, савоби етиши ҳақида алоҳида тўхтаб ўтилган. Жумладан, бу ҳақда «Ал Ҳидоя», «Баҳрур роиқ», «Бадоеъ» ва бошқа асарларда сўз боради. «Раддул мухтор»да бу мавзуда яна қуйидагиларни ўқиймиз:

«Ибн Ҳажар Маккийдан: «Биров қабристон аҳлига Фотиҳа сурасини ўқиса, савоб уларнинг ўртасида тақсимланадими ёки ҳар бирига унинг савобича тўлиқ бериладими?» деб сўралганда, у: «Бир жамоа уламолар иккинчисига фатво беришган ва Аллоҳнинг фазлига шуниси лойиқроқ», деб жавоб берган.

Ибн Ҳажар ўзининг фиқҳий фатволарида айтишича, Ҳофиз Ибн Таймия Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га қироат савобини бағишлашни ман қилиб: «Чунки у Зотнинг юксак қадрларига салавот айтиш, васила сўраш каби ўзлари изн берган нарсалардагина журъат қилинади», деб айтган экан. Субкий ва бошқалар у кишига қаттиқ раддия бериб: «Бунақа ишларда махсус изнга эҳтиёж йўқ. Кўрмайсанми, Ибн Умар (розияллоҳу анҳумо) у Зот (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг вафотларидан сўнг ҳеч қандай васиятсиз у Зотнинг номларидан умралар қилар эди. Жунайд табақасидаги Ибн Муваффақ у Зот алайҳиссаломнинг номларидан етмиш марта ҳаж қилган. Ибн Сирож у Зот (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг номларидан ўн минг марта хатм ва шунча қурбонлик қилган», дейишган... Ҳанбалийлардан Ибн Ақил: «У Зотга тиловат савобини бағишлаш мустаҳаб», деган.

Уламоларимизнинг гапи шуки, кишининг ўз амалини бошқага ҳадя қилиши мумкин экан, бунга Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳам кирадилар, чунки у Зот бунга энг ҳақлидирлар. Зеро, у Зот бизни залолатдан қутқарганлар. Бунда бир нав шукр ва у Зот (алайҳиссалом)га гўзал тортиқ қилиш бор. Комил нарса камолотнинг зиёда бўлишига қобилиятлидир. Баъзи бир буни ман қилувчиларнинг «Бунда мавжуд нарсани яна мавжуд қилишга уриниш бор, чунки у Зотнинг умматларининг барча амаллари ўз-ўзидан у Зотнинг тарозиларини босади», деган гапларига келсак, бунга «Бунинг ҳеч қандай монелик жойи йўқ, чунки Аллоҳ таоло у Зот (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га Ўзи салавот айтишини хабар қила туриб, бизларнинг у Зотга «Аллоҳим! У Зотга салавот йўллагин!» дея салавот айтишимизни буюрган», деб жавоб берилади» («Раддул мухтор»дан келтирилган иқтибос тугади).

Хулоса қилиб айтганда, мўътабар манбаларда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг ёки саҳобаларнинг бирор ўтган кишига хатми Қуръон бағишлаганлари нақл қилинмаган бўлса- да, бу умумий тарзда рухсат берилган, тарғиб қилинган ишлардандир. Юқорида ўтган ҳадислар ва умумий шаръий йўриқлар шуни кўрсатади. Шунга кўра, Қуръон хатм қилиб, савобини ўтган ота-она ва бошқа яқинларга бағишлаш улуғ савобли амллардандир. Хатм қилишни ўша маййитнинг номидан ният қилиб бошланса, яна ҳам яхши бўлади. Аммо тириклар номидан хатм қилинмайди. Чунки бундай баданий амалларни бировнинг номидан қилиш учун ўша шахснинг ўла-ўлгунча шу амални қилишга қодир бўлмаслиги шарт қилинган.

Хатми Қуръондан савоб ҳосил бўлиши учун уни холис Аллоҳ учун бажариш лозим. Турли моддий манфаатлар илинжида қилинса, савоб ҳосил бўлмайди ва бинобарин ўтганларга ҳам савоб етмайди.

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид