A-
 A 
A+
http://www.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
http://www.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
http://www.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://www.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
http://www.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://www.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
Қуръоннинг мўъжизакорлиги
PDF Босма E-mail

Қуръоннинг мўъжизакорлиги ҳақида гап кетганда, юқорида зикр қилинганидек, у араб тилида, араб сўз усталарини ожиз қолдириш учун юборилган китоб бўлиб, унинг ҳақиқий мўъжизасини тўлиқ тушуниш учун араб тилини билувчи киши бўлиши шарт.

Биз араб бўлмаганимиз ва араб тилини билмаганимиз учун Қуръоннинг араб тилига боғлиқ бўлмаган мўъжизаларидан баъзи бирларини эслатиб ўтамиз.
Шулардан бири келажакда бўладиган ҳодисалардан берилган хабарлардир. Қуръони Каримда инсон ақлини лол қолдирадиган даражада баъзи бир хабарлар келадики, ўша оятларни туширилган пайтда эшитган кишилар «албатта, бу муболағадир», деб ўйлаган бўлишлари эҳтимолдан холи эмас.
Сураи  Нур да шундай оят бор:
«Аллоҳ, «Сизлардан иймонлик бўлганларга ва яхши амал қилганларга ер юзида сизлардан олдингиларни қилгандек амалдор қилиб қўяман», деб ваъда берди ва «уларни ўзи рози бўлган динга имконият яратиб, қўрқинч ўрнига осойишталик бахш этаман», деди».
Мана шу оят тушмасдан олдин мусулмонлар ҳатто ухлаган чоғларида ҳам қуроллари билан ухлаб, бизга ҳам бир осойишталик келиб, диний амалларимизни бемалол бажара олармиканмиз, деб турган вақтлари эди.
Бу оят тушгандан сўнг кўп ўтмасдан улар орзу қилган вақтлар етиб келди ва Ислом уммати Аллоҳнинг ердаги халифаси деб эълон қилинди.
Яна бошқа бир оятни олиб кўрайлик.
Моида  сурасида шундай дейилган:
«Эй Пайғамбар, сен Роббингдан тушган нарсани кишиларга етказ. Агар шундай қилмасанг, пайғамбарликни адо этмаган бўласан. Аллоҳ таолонинг Ўзи сени одамларнинг ёмонлигидан сақлайди. Албатта, Аллоҳ таоло кофир қавмларни ҳидоят қилмайди».
Бу оят тушишдан олдин Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)ни баъзи саҳобалар ўз ихтиёри билан кофирларнинг ёмонлигидан қўриқлаб туришарди.
Шу оят тушгандан сўнг эса Пайғамбар (алайҳиссалом) ҳужраларидан бошларини чиқариб, қоровулларга қараб: «Энди сизлар кетаверинглар, Аллоҳнинг Ўзи мени кишиларнинг ёмонлигидан сақлайдиган бўлди», деб айтдилар.
Мана шу оят Қуръон илоҳий китоб эканлигига энг кучли далиллардан биридир. Чунки шу оят тушгандан сўнг Пайғамбар (алайҳиссалом) ҳеч қўрқмасдан кофирларнинг ичида юрдилар, биринчи сафда туриб, улар билан жанг қилдилар ва бошқа ҳолатларда ҳам бемалол юравердилар. Кофирлар қанчалик уринмасин, у кишига ҳеч қандай озор етказа олмадилар.
Қуръонда аввал ўтган пайғамбарлар ва уларнинг умматлари ҳақида кўпгина қиссалар бор. Маълумки, Муҳаммад (алайҳиссалом) ўқиш-ёзишни билмаганлар, умрларида бирор соат ҳам дарс олмаганлар. Шунга қарамай, Қуръонда келган қиссалар энг тўғри ва далиллик бўлиб, ҳатто Инжил ва Таврот каби китобларнинг хатоларини тўғрилаб келган.
Бу ҳақда ХХ асрда шу қиссаларнинг баъзи бирларига тааллуқли бўлган ашёвий далилларни синчиклаб ўрганган таниқли уламолар ҳам айтиб ўтдилар. Уларнинг ичида аввал мусулмон бўлмаганлари, шу илмий ишларидан сўнг Қуръоннинг ҳақиқий илоҳий китоб эканлигига тан бериб, мусулмон бўлдилар.
Қуръон кишиларни тўғри йўлга бошлаш учун туширилган китоб бўлиб, коинот, мавжудот ва илмий масалаларда сўз юритиш унинг вазифаси эмас. Лекин шу билан бирга, Қуръонда баъзи бир илмий сўзлар келганки, албатта, улар Қуръоннинг илоҳий мўъжизакор китоб эканлигига катта далилдир.
Такрор бўлса-да, яна айтамизки, Муҳаммад (алайҳиссалом) Маккада ўсган, ўқиш-ёзишни ўрганмаган бир одам эдилар. У ерда илм-маърифат, мадраса ёки илмий муассаса деган нарса асло бўлмаган. Бу Пайғамбар (алайҳиссалом) илмий масалалардан мутлақо бехабар эдилар дегани.
Лекин шунга қарамай, Қуръонда шундай илмий масалалар зикр қилинганки, бунинг сирини ўша вақтда ва ундан кейинги вақтларда ҳам ҳеч ким билмаган. Фақат бизнинг давримизга келиб, илм-фан ниҳоятда тараққий этган бир даврдагина у нарсалар тушунилди.
Аллоҳ таоло «Анбиё» сурасида шундай дейди:
«Кофирлар осмонлару ер бир бўлиб турганда Биз уларни ажратганимизни ва сувдан барча жозотларни яратганимизни билмайдиларми?!»
Бу оятда айтилишича, осмонлару ер аслида бир нарса бўлиб, сўнгра бир-биридан ажралган. Бу Қуръон мўъжизаларидан бири бўлиб, уни ҳозирги замон илми ҳам тасдиқлади.
Олимларнинг айтишича, бутун борлиқ бир газдан иборат бўлиб кейин бўлакларга бўлинган. Қуёш галактикасига кирувчи олам ҳам шу бўлинишдан келиб чиққан. Бунинг далили сифатида уламолар айтишадики, ерда тўқсон икки хил турли моддалар бўлиб шундан олтмиш еттитаси қуёшда ҳам бор экан. Қуёшдаги кўп учрайдиган моддалар, масалан азот, фосфор, темир, карбон ва бошқалар ерда ҳам учрар экан.
Яна уламолар Ой жинсларини олиб ўрганиб кўрганларидан сўнг Ойда ҳам ердаги моддалар бор экани маълум бўлди. Шуларнинг ҳаммаси шуни кўрсатиб турибдики, оламдаги барча нарсаларнинг асли Қуръонда айтилганидек бир экан.
Энди оятнинг «ва сувдан ҳамма нарсани яратганимизни», деган қисмига келсак, бу уламолар сирини очган илмий ҳақиқатлардан энг каттасидир, десак муболаға бўлмас. Ҳаёт ва ўсиш учун зарур бўлган барча кимёвий ўзгаришлар, албатта, сувсиз бўлмайди. Сув ҳаётнинг давом этиши, барча коинот ва набототнинг яшаши учун асосий нарсадир.
Ер юзасининг тўртдан уч қисми сув билан ўралган. Сувнинг хусусиятларидан бири – ер юзидаги ҳароратнинг бир хил сақланиб туришини таъминлашдир. Агар шундай бўлмаганда ер юзида ҳаёт бўлиши гумон эди. Сувнинг хусусиятлари жуда кўп бўлиб, уларнинг ҳар бири Аллоҳ таоло сувни Ўзининг махлуқларига зарур нарса қилиб яратганлигига далилдир.
Сув  музлаганда зичлиги камайиб ҳажми катта бўладиган ягона моддадир. Бу хусусиятнинг сувда яшайдиган ҳайвонларга аҳамияти каттадир. Шу хусусият сабабидан совуқ қаттиқ бўлганида муз сувнинг устига кўтарилади (бошқа модда бўлса, пастга кетиши керак эди). Муз сув ҳайвонлари учун зарурий нарсадир. Паст даражали ҳароратда сув ўзига кислородни кўп миқдорда тортади. Музлаган сувдан эса ҳарорат чиқиб, дарё ва денгизларда яшовчи сув ҳайвонларининг ҳаётини сақлашда ғоят қўл келади.
Қуръоннинг ҳикматини қарангки, озгина сўзлар билан ер юзидаги ҳаётнинг чексиз сирларини баён қилди. Фақат мана шу оятнинг ўзиёқ Муҳаммад (алайҳиссалом)нинг ҳақиқий Пайғамбар, Қуръоннинг ҳақиқий илоҳий китоб эканига катта далилдир.
Айтиб ўтилган мўъжизалар денгиздан бир томчи, холос. Бу ҳақда неча-неча китоблар битилган. Ҳозирда «Қуръон ва суннатдаги илмий мўъжизалар» номида халқаро ташкилотлар, илмий нашрлар бор. Тиб илмидагилар Қуръоннинг тиббий мўъжизаларини, кимё олимлари − кимёвий, тарихчилар − тарихий, физикачилар − физикавий, мунажжимлар  − фазовий ва ҳоказо ҳар бир илм соҳиби ўз илми доирасида Қуръон мўъжизасини топган ва тан берган. Ғарбнинг неча-неча забардаст олимлари шу туфайли Исломни қабул қилган ва ҳануз қабул қилмоқдалар.
Араб тили, сарф, наҳву  балоғат олимлари ҳам ўз илмларини Қуръондан олганлар ва Қуръон олдида ожиз қолиб бош эгадилар. Фақиҳлар (Ислом ҳуқуқшунослари) ҳам худди шундай. Мана шу айтиб ўтилган мавзулар Аллоҳнинг ягоналигини ва баркамол сифатларини, Пайғамбарнинг ҳақлигини, Қуръоннинг илоҳий китоб эканлигини, намоз ўқиш, рўза тутиш ва бошқа ибодатлар фарзлигини, қиёмат бўлиши ҳақлигини, ўлгандан сўнг тирилиб бу дунёда қилган ишларнинг ҳисоботини бериши лозимлигини, жаннат ва дўзах ҳақлигини тасдиқлайди ва исботлайди.