A-
 A 
A+
http://www.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
http://www.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
http://www.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://www.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
http://www.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://www.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
Қуръон ҳомилларининг ахлоқи (8-қисм)
PDF Босма E-mail

Қуръон ҳомилларининг ахлоқи (8-қисм)

(Давоми...)

 

Қуръон ўқиб, у билан Аллоҳ азза ва жалланинг розилигини ирода қилмайдиган кишининг ахлоқи ҳақидаги боб

Муҳаммад ибн Ҳусайн айтишича, дунё ёки дунё кишилари учун Қуръон ўқийдиган одамнинг ахлоқи шуки, у Қуръоннинг лафзини ёд олиб, унинг чегараларини бузадиган, ўзини улуғлайдиган, бошқалардан катта оладиган бўлади. У Қуръонни бойлардан пул ундирадиган тирикчилик матоси қилиб олади, у билан ҳожатларини чиқаради. У бойларнинг болаларини ҳурмат қилиб, камбағалларнинг фарзандларини таҳқирлайди. Агар бойга таълим берса, унинг дунёсидан тамаъ қилиб, унга мулойим бўлади. Аммо камбағалга таълим берганида унга қўполлик қилади, чунки ундан кутадиган дунёси йўқ-да. У яна Қуръон билан камбағалларни хизматга солади, бойларга гердаяди. Агар овози чиройли бўлса, подшоҳларга қироат қилиб беришни, уларга имом бўлиб намоз ўқиб беришни яхши кўради, уларнинг дунёларидан умид қилади. Агар камбағаллар унга имомлик қилиб беришини сўрасалар, уларнинг қўлларида дунёлари оз бўлгани учун бу таклиф унга оғир келади. Унинг истаги фақатгина дунё бўлади, у қаерда бўлса, ўша жойда ётиб олади.

У одамларга Қуръон билан мағрурланади. Ўзидан кам ёд олган кишига Қуръондан ўзидаги ортиқлик ва қироатларни кўпроқ билиши билан эътироз билдириб қарши чиқади. Аслида улар шундай қироатларки, агар ақлини ишлатса, уларни қироат қилмаслиги лозимлигини билар эди. Бас, сен уни димоғдор, мутакаббир, фарқламай кўп гапирадиган эканини кўрасан. У ўзидай ёд олмаган кишини айблайди. Агар бирортаси у каби ёд олганини билиб қолса, унинг айбини қидиради. Ўтирганда мутакаббирлик билан ўтиради. Бировга таълим берганида ўзини катта тутади. Унинг қалбида хушуъга[1] жой бўлмайди. Серкулги, бефойда нарсаларга берилган бўлади. Ёнидаги киши билан гаплашиб, мурожаат қилган кишига қарамайди, тинглаши лозим бўлган нарсадан кўра ошнасига кўпроқ қулоқ тутади. Бирор ҳофизни эшитса, уни пинҳон тутади.

У Робб азза ва жалланинг каломидан кўра одамларнинг гапларини эшитишни кўпроқ хоҳлайди. Қуръон тинглаганида хушуъ ва хавф қилмайди, йиғламайди, маҳзун бўлмайди, тиловат қилинаётган нарсада фикр қилишга ўзини мажбур этмайди, ҳолбуки, у шунга чақирилган эди.

У дунё ва унга яқин нарсаларга интилади, шунинг учун ғазабланади, рози бўлади. Агар бирор киши унинг ҳаққини камайтирса: «Аҳли Қуръонларнинг ҳақлари камайтирилмайди, ҳожатлари чиқарилади», дейди. Одамлардан ўз ҳаққини талаб қилади, аммо Аллоҳ азза ва жалланинг ҳаққини ўзидан талаб қилмайди. Бошқа учун ғазабланиб, «Аллоҳ учун...» дейди, аммо Аллоҳ учун ўзига ғазаб қилмайди.

У қаёқдан пул топаётганига, ҳалолданми ё ҳаромданми, эътибор бермайди. Дунё унинг қалбида энг муҳим нарсага айланиб бўлган, агар ҳалол бўлмаган бойлигидан бирор нарсани йўқотса, ўлимига хафа бўлганидан кўра кўпроқ хафа бўлади.

У Қуръон одоби ила одобланмайди, ваъда ва ваъидларда[2] ўзини койимайди. Ўқиган ёки унга тиловат қилинган нарсадан ғофил, унга бепарво бўлади. Бор хаёли ҳарфларни ёд олишда бўлади, агар биров бирор ҳарфда хато қилса, буни одамлар олдида обрўси пасайиб, мартабаси тушиб кетмаслиги учун ёмон олади, қарабсанки, шу бир хато учун маҳзун, ғамгин бўлиб қолади. Аммо ўзи билан Аллоҳ азза ва жалла ўртасидаги Қуръонда амр қилинган ёки қайтарилган нарсаларни зое қилиб, унга аҳамият ҳам бермайди, ғам ҳам чекмайди.

Унинг ахлоқи кўп ишларда ҳеч нарса билмайдиган жоҳилларнинг ахлоқи бўлади. Қуръон унга вожиб қилган нарсаларга ўзини мажбурламайди. Зеро, у Расул соллаллоҳу алайҳи васаллам нимадан қайтарганини билиш учун илм талаб қилиб, ўшалардан қайтиши лозим эди.

У ўзи билан Аллоҳ азза ва жалла ўртасидаги ишларга доир зиммасига вожиб бўлган илмларга камдан-кам назар солади, аммо дунё аҳли ҳузурида чиройли кўриниш учун керак бўладиган илмларга ўшаларнинг ҳурматини топиш мақсадида кўп эътибор беради. Илм асосида ҳалолни олиб, ҳаромни тарк қилиш учун керак бўлган Аллоҳ ва Унинг Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам даъват этган ҳалол-ҳаром масалаларини жуда кам билади. У неъматни таниш ва неъмат берувчига шукр қилиш илмини ўрганишга қизиқмайди. Унинг қалбида бир хушуъси йўқки, аъзоларида зоҳир бўлса.

У қачон Қуръон ўрганса ёки уни бошқага ўргатса, бор хаёли унинг қай пайт тугашида бўлади, ҳаргиз қачон уни фаҳмлашда бўлмайди. Тиловат қилганида Қуръоннинг зарбулмасаллари ҳақида тафаккур қилмайди, ваъда ва ваъидларда тўхталмайди. У ўзига махлуқларнинг розилигини лозим билади, аммо оламлар Роббисининг ғазаби билан иши бўлмайди. Кўп дарс бериш билан танилишни яхши кўради. Қуръонни хатм қилганини одамлар олдида ҳурмат топиш мақсадида изҳор қилади. Уни яхши мақтовлар алдаб қўяди, нодонлигидан ёлғон мақтовлар билан хурсанд бўлади. Унинг амаллари жаҳолат аҳлининг амаллари бўлади. Нафси яхши кўрган нарсада хоҳишига эргашади, Қуръон қайтарган нарсаларга эътибор бермайди.

У агар Қуръон ўқитса, ундан бошқасига ўқиб берганни ёмон кўради. Агар унинг олдида бирорта аҳли Қуръон киши яхшилик билан гапирилса, буни ёқтирмайди, аммо ёмонлик билан эсланса, хурсанд бўлади. У ўзидан паст кишини масхара қилади, ўзидан юқори инсонни писанд қилмайди. У аҳли Қуръонларнинг айбларини уларнинг шаънини пасайтириб, ўзини кўтариш учун қидириб юради. У бошқаси хато қилиб, тўғри киши ўзи бўлишини орзу қилади.

Кимнинг сифати мана шундоқ бўлса, батаҳқиқ, у карамли Мавлосининг ғазабига дучор бўлибди. Бундан ҳам даҳшатлиси шуки, унинг Қуръон тиловат қилиш билан ўзида солиҳларнинг шиорларини кўрсатиб, ботинда Аллоҳ учун қилиш лозим бўлган ишларни зое этиши, Мавлоси қайтарган ишларни қилишидир. Буларнинг барчаси бошлиқликни яхши кўриш, дунёга мойил бўлиш сабабидандир. Зотан, Қуръонни ёд олиш ва унга бармоқ билан ишора қилинишидан ажабланиш уни алдаб қўйгандир.

У агар бирор бой ёки амалдор касал бўлиб, ундан хатм қилиб беришини сўраса, у томон шошади ва бундан хурсанд бўлади. Аммо бирор иффатли камбағал касал бўлиб қолиб, ундан хатм қилиб беришини илтимос қилса, бу унга оғир келади.

У Қуръонни ёд олади, тилида тиловат қилади, ҳолбуки унинг кўп ҳукмларини зое қилади. Унинг ахлоқи жоҳилларнинг ахлоқи бўлади. У агар еса, илмсизлик билан ейди, ичса, илмсизлик билан ичади, кийса, илмсизлик билан кияди, аҳли билан ҳам илмсизлик билан яқинлашади, ухлаганда ҳам беилмлик билан ухлайди. У агар бировлар билан дўстлашса, уларни зиёрат қилса, уларга салом берса, уларнинг олдиларига киришга изн сўраса, буларнинг барчасида Китобу суннатдан бирор нарса билмаган ҳолда иш тутади.

Ундан бошқа одам Қуръондан бир пора ёд олса-да, Аллоҳ унга вожиб қилган фарзларни адо қилиш ва У Зот ҳаром қилган нарсалардан қайтиш илмини ўрганиш талабида бўлади, гарчи унга эътибор берилмаса ҳам, бармоқ билан ишора қилинмаса ҳам.

Кимнинг ахлоқи мана шу бўлса, у ҳар бир йўлдан озадиган одам учун бир фитнага айланибди. Чунки у қачон бир яхши бўлмаган ишни қилса, жоҳиллар унга эргашишади. Агар ўша жоҳил айблангудек бўлса, дарҳол: «Фалончи Аллоҳ таолонинг китобини кўтарган одам буни қилган, уни қилишга биз муносиброқмиз-ку», дейди. Кимнинг ҳоли шундоқ бўлса, батаҳқиқ, у жуда ҳам катта нарсага дучор бўлибди, унга ҳужжат собитдир, энди унга узр йўқ, магар тавба қилса, (бу бошқа гап).

Менинг ушбу ёмон ахлоқларни баён қилишга ундаган нарса мендан Қуръон аҳлига насиҳат бўлиши учундир. Токи олижаноб хулқларга юракдан боғлансинлар, пасткаш хулқлардан узоқ бўлсинлар. Бизни ҳам, уларни ҳам Аллоҳ тўғри йўлга муваффақ қилсин.

(Давоми бор...)

 

[1] Хушуъ – бу қалбдаги ҳолат бўлиб, Аллоҳдан ҳайбатланиш, У Зотни ўта ҳурмат қилиш маъноларини англатади.

[2] Ваъид ҳам ваъда қилиш маносида бўлиб, фақат у салбий маънода ишлатилади ва ёмонликни, азоб-уқубатни  ваъда қилишни англатади.

 

Таржимон: Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид