A-
 A 
A+
http://www.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
http://www.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
http://www.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://www.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
http://www.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://www.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
Қуръони каримда ота-онага яхшилик қилиш
PDF Босма E-mail

«Аллоҳга яна бирор «илоҳ»ни қўша кўрманг! Акс ҳолда қораланувчи ва маҳрум ҳолда ўтириб қолурсиз». (Исро-22)
Аллоҳ таоло бизни ушбу оят билан олий эътиқодга йўллаганидан сўнг, иймон ва эътиқод амал билан комил, мукаммал бўлишини баён қилишни ирода қилди. Чунки Аллоҳга ширк келтирмасдан Унинг бирлигини билиб, унга иймон келтириб қўя қолишликнинг ўзи комил мусулмонликка кифоя қилмайди, балки зиммамизга юкланган нарсаларни билиб, унга амал қилишлик билан комил мусулмон бўламиз. Шунинг учун Қуръони Каримнинг бир қанча оятларида иймон билан солиҳ амал жам бўлиб, ёнма-ён келганини кўрамиз.

 

Чунки иймоннинг фойдаси, унинг меваси ва самараси солиҳ амалдир. Шунингдек, дин фақат кучли иймоннинг ўзигина эмас. Чунки Макка кофирларидан фақатгина иймон келтиришнинг ўзигина талаб қилинганида улар иймон келтириб қўя қолишарди. Балки улар иймоннинг талаб қилган нарсалари, масъулияти борлигини ва ана шулар тақозосида яшаш лозим эканлигини билиб иймон келтиришмади. Шу сабабдан улар ёлғиз илоҳни инкор қилишди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўйин эгишмади. Келаси оятда Аллоҳ таоло иймон тақозасида яшаш учун нима қилиш лозимлигини баён қиляпти:
Роббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага эҳсон (яхшилик) қилишни амр этди. (Эй, инсон!) Агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар, уларга «уф!..» дема ва уларни жеркима! Уларга (доимо) ёқимли сўз айт! Уларга, меҳрибонлик билан, хорлик қанотини паст тут ва (дуода) айт: «Эй, Роббим! Мени (улар) гўдаклик чоғимда тарбиялаганларидек, Сен ҳам уларга раҳм қилгин!» (Исро-23)
Ушбу оятнинг аввалида иймоннинг тақозосида қилинадиган амаллардан энг аввалгиси, энг улкани зикр қилинди. Бу амал Аллоҳгагина ибодат қилишликдир. Яъни «Роббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни амр этди».
Сўнгра иккинчи буйруқни баён қилди. Яъни «Ҳамда ота-онага эҳсон (яхшилик) қилишни амр этди». Аллоҳ таоло Ўзига ибодат қилишлик билан бирга ота-онага яхшилик қилишликни Қуръони Каримнинг бир неча оятларида ёнма-ён зикр қилиб келтирган. Жумладан:
«Аллоҳга ибодат қилингиз ва Унга ҳеч нарсани шерик қилмангиз! Ота-оналарга эса эҳсон (яхшилик) қилингиз!» (Нисо-36)
«Айтинг: «Келингиз, Роббингиз сизларга ҳаром қилган нарсаларни ўқиб берай: Унга бирор нарсани шерик қилмангиз, ота-онага эҳсон (яхшилик) қилингиз». (Анъом-151) 
«Биз инсонни ота-онасига яхшилик қилишга буюрдик». (Анкабут-8)
«Биз инсонга ота-онасини (рози қилишни) буюрдик». (Луқмон-14) ва бошқа оятларда ҳам келган.
Лекин нима учун Аллоҳ таоло ота-онага яхшилик қилишликни Қуръони Каримда Ўзига ибодат қилишликка буюрган оятларда ёнма-ён келтирди?
Чунки инсоннинг вужудга келишининг ғайбий, ақлий сабаби Аллоҳ таоло бўлса, ота-она унинг вужудга келишининг ҳиссий сабаби, тарбия қилувчиси,  барча яшаш заруратлари билан таъминловчи ва меҳрибонлик кўрсатувчисидир. Демак, ота-онанинг ўстириб, назорат қилиб тарбиялаши ҳиссий бўлиб, Аллоҳ таолонинг ўстириб, назорат қилиб тарбиялаши эса ақлийдир.
Шунинг учун ота-онанинг ҳаққидан Аллоҳ таолонинг ҳаққи қай даражада устун эканлигини билиб олишимиз мумкин.
Ота-онанинг яхшилигини эслаганда Аллоҳ таолонинг фазли-карами уларнинг яхшилигидан-да юқорироқ эканини унутмайлик.
Аллоҳ таолонинг васиятига қарасак, бу сурада ота-онага яхшилик қилишни ўзига ибодат қилишга ёнма-ён келтирди. Бошқа оятда ўзига ва ота-онага шукр қилишни ёнма-ён зикр қилди. Ҳадис шарифда эса уларга оққ бўлишни ширк зикр қилинган гуноҳи кабиралар қаторида келтирди. Ушбу таълимот ва тавжиҳотлардан ота-онанинг шаъни нақадар юқори эканини билсак бўлади.

Оятда ота-онага яхшилик қилишликни «эҳсон қил» деб зикр қилди. Эҳсон – буюрилгандан, яъни фарз қилингандан-да ортиқроқ бажаришга айтилади. Масалан: бир киши буюрилган фарз намозининг ўзинигина бажарса, фарзни адо этибди дейилади. Аммо нафлларни ҳам ўқиб, кечаларни қоим қилса, «муҳсинлар», яъни эҳсон қилувчилар зумрасига киради. Яъни  унинг ҳақни адо қилиши, бажариши белгилангандан ортиқроқдир. Чунки Аллоҳ таоло Қуръони Каримда эҳсон қилувчи муҳсин бандаларини шундай васф қилади:
«Албатта, тақводорлар (жаннатдаги) боғларда ва булоқлар узра бўлурлар. Парвардигорлари уларга ато этган нарсаларни (мукофотларни) олган ҳолларида (бўлурлар). Зеро, улар бундан илгари (дунёда)   муҳсин (эзгу ишларни қилувчи) эдилар. (Улар) туннинг озгина (қисмидагина) ухлар эдилар. Саҳарларда улар (Аллоҳдан) мағфират сўрар эдилар. Уларнинг мол-мулкларида тиланчи ва маҳрум (муҳтож) кишилар учун (ажратилган) ҳақ (улуш) бўлар эди». (Зориёт 15-19)
Ушбу оятларда туннинг озгина қисмида ухлайдиган, саҳарларда мағфират сўрайдиган, мол-мулкида муҳтожлар учун ихтиёрий ҳақ ажратадиган васфи билан келган  киши «муҳсин», яъни эҳсон қилувчи деб зикр қилинди.
Демак, фарзандлар оятдаги «эҳсон қил» буйруғига амал қиламан десалар,  ота-оналарига қилаётган яхшиликларини орттириб бажарсинлар.
Ота-онага яхшилик қилишликка буюрилган оятларнинг баъзисида мутлоқ «яхшилик қил» дейилган бўлса, баъзиларида яхшилик қилиш сабаби айтилган, баъзиларида эса яхшиликни қандай қилиш керак эканлиги баён қилинган.
Яхшилик қилиш сабаби зикр қилинган оятларда кўпроқ онанинг машаққати айтилади. Чунки ота фарзандга тарбия бера бошлашидан олдин ҳам онанинг машаққати катта бўлган.
Ота уни пуштида, сулбида енгиллик билан кўтариб юрган бўлса, она қорнида ҳомилани оғирлик билан кўтариб юрган.
Ота уни шаҳват билан туширган бўлса, она уни қийналиб туққан.
Отанинг қилган яхшиликларининг аксари фарзанд ақлини танигандан кейин бўлгани ва ҳиссий бўлгани учун фарзанд уни тушуниб идрок қилади. Аммо онанинг ёлғиз ўзи эрининг ёрдамисиз фарзандини кўтариб юрганини, машаққат-ла туққани, гўдаклигида ақлини танигунга қадар қанча-қанча машаққатлар чекканини фарзанд у пайтда ҳали ёш бўлгани сабабидан ҳис қила олмайди.
Эркак кишининг суви сулбидан, яъни белидан чиқса, аёл кишининг суви кўкрак суяклари орасидан чиқади. Кўкрак суяги қалбга белдан кўра яқин бўлгани учун она фарзандга отадан кўра шафқатли ва мерибонроқ бўлар экан.
Шунинг учун Аллоҳ таоло айнан онанинг машаққатини яхшилик қилишга сабаб қилиб зикр қилади.

ҚУЙИДА АЛЛОҲ ТАОЛО ФАРЗАНДНИНГ БУРЧЛАРИНИ БАЁН ҚИЛАДИ:
(Эй, инсон!) Агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси сенинг ҳузурингда кексалик ёшига етсалар, уларга «уф!..» дема ва уларни жеркима! Уларга (доимо) ёқимли сўз айт!
Ушбу оятда фарзандга ота-онаси учун улар кексайган чоғда яхшилик қилишликка васият қилинмоқда. Нима учун айнан ушбу кексалик чоғи хос зикр қилинди?
Чунки уларнинг ёшлик, бақувват чоғлари уларга нисбатан эътиборсизлик ва назар писандсизлик билан қараладиган пайт эмас. У чоғда уларга нисбатан  «уфф...» дейиладиган, улардан зерикиб, уларга аччиқланадиган пайт эмас. Чунки улар иккиси ҳам ёшлик, қувватли чоғларида ўзлари ҳаёт қийинчиликларига қарши тура олишарди. Балки унинг акси ўлароқ ота-оналар айни қувватли пайтида фарзандалар уларга яқин бўлиб, уларнинг ризосига ва улар сабабидан хайриятларга эришиб қолишни истайдилар.
Лекин қарилик ҳоли − у  ҳожатмандалик, заифлик, боқувчига муҳтожлик ҳолидир. Илгари ўзи берувчи бўлган бўлса, энди олувчига айланган, илгари ўзи боқувчи бўлган бўлса, энди бировнинг парваришида яшайдиган кишига айланган чоғдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам минбарда эдилар, саҳобалар у Зотнинг «Омин» деб, бир оз сукут сақлаганини ва яна «Омин» деб, сукут сақлагани  ва яна «Омин» деганини эшитдилар. (Минбардан) тушгандилар, Улар: «Ё Расулаллоҳ, сизни уч марта «Омин» деганингизни эшитдик дейишди. У Зот: «Менга Жибрийл келиб, «Сиз унинг ҳузурида зикр қилиниб сизга саловат айтмаган киши хор бўлсин, омин денг», деди. Мен «Омин» дедим. Ва ким рамазонни топса-ю, (гуноҳи) мағфират бўлмаса, хор бўлсин, омин денг», деди. Мен «Омин» дедим. Ва ким ота-онасининг иккисини ёки бирини топса-ю, улар сабабидан жаннатга кира олмаса (яъни  уларнинг хизматини қилиб, итоатида бўлиш ўрнига вақтни беҳуда ўтказиб жаннатни эгаллай олмаса) хор бўлсин, омин денг», деди. Мен «Омин» дедим», дедилар».
Юқоридаги оятга эътибор қиладиган бўлсак Аллоҳ таоло улуғлик ёшининг ўзинигина зикр қилмасдан, балки «сенинг ҳузурингда» сўзи билан қайд қилиб, фарзандга хитоб қиляпти. Яъни  уларнинг сендан бошқа қарайдигани йўқ. Уларнинг ака-укаси, опа-синглиси, бирор бир яқин кишиси сенинг ўрнингни боса олмайди. Бу муҳим ишни сен ўзинг бажаргин, деяпти. Шунинг учун «сенинг ҳузурингда» сўзини ака-укаси, опа-синглиси ёки бирорта яқинига эмас, балки фарзандга қайд қилиб келтирди. Бу дегани – модомики шундай экан, сен масъулиятингни унутма, чунки уларнинг хизматига ўзгалардан кўра сен масъулроқсан, деганидир.
Ота-онага агар улар куфрда бўлсалар ҳам, силаи раҳим қилинаверилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Асмо розияллоҳу анҳо онасининг келгани, ҳожатмандлиги ва куфрда эканини хабарини берганларида у Зот: «Онанга силаи раҳим қил», деганлар. Исломий ахлоқнинг нақадар олий ва гўзаллигига қаранг!
Ҳатто ота-онанинг нафақат ўзларининг куфрда эканлиги, балки улар фарзандини ҳам куфрга даъват қилиб турган бир пайтда ҳам фарзанд уларга яхшилик қилишга буюрилган. Бу ҳақида Қуръони Карим шундай дейди: 
«Биз инсонни ота-онасига яхшилик қилишга буюрдик. (Аммо) агар улар сен билмаган нарсаларни (сохта маъбудаларни) Менга шерик қилишингга зўрласалар, у ҳолда уларга итоат этмагин! (Барчангиз) Менга қайтурсиз, бас, Мен (ўшанда) сизларга қилиб ўтган амалларингиз хабарини берурман». (Анкабут-8)
Аллоҳ таоло ушбу оятда фарзандга агар ота-онаси куфрда бўлсалар ҳам, уларга яхшилик қилишга буюрмоқда. Фақатгина агар улар Аллоҳга маъсият бўладиган ишга буюрсалар, уларга итоат қилинмайди. Чунки уларнинг ҳаққи қанчалик юқори бўлмасин Аллоҳнинг ҳаққидан улуғ бўла олмайди.
Оятнинг мазмунидан «Сен ота-онанга яхшилик қилавер, улар ширкда бўлгани учун уларга жафо қилма. Уларни жазолаш сенинг ишинг эмас, балки менинг ишимдир. Сенинг ишинг эса уларга яхшилик қилишдир» маъноси тушунилади.
Бу даражада ота-онага яхшилик қилишга буюришлик Ислом динининг нақадар олий экани, Аллоҳ таолонинг ота-онага нақадар раҳмати кенг эканига далолатдир.
Ривоят қилинишича, Аллоҳ таолонинг халили Иброҳим алайҳиссаломга кечаси меҳмон бўлиб тунаб қолиш учун бир киши келди. Иброҳим алайҳиссалом унинг дини ҳақида сўради. У ўзининг мажусийлигини айтди. Иброҳим алайҳиссалом ундан юз ўгирди ва уни кетиши учун ўз ҳолига қолдирди. Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломга меҳмонга бўлган муомала борасида уни койиб, итоб қилиб тезда ваҳий қилди: «Эй Иброҳим, у менга кофир бўлса ҳам, мен бир неча йилдан бери унга Маккамдан жой бердим, едирдим, суғордим, кийинтирдим. Сен эса ундан юз ўгириб, бир тун сенинг уйингда тунаши учун унинг динини ўзгартиришини истаяпсан». Иброҳим алайҳиссалом меҳмоннинг ортидан шошиб бориб етиб олди ва унга бўлган воқеани ҳикоя қилиб берди. У киши: «Душмани сабабли дўстини койиган Робб қандаям яхши Робб», деди ва «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, Иброҳим Унинг Расулидир», деб шаҳодат келтирди.
Баъзи ҳолларда фарзандлар ота-оналарига диндан нотўғри услубда гапириб, даъват қилиб, ота-оналари тарафидан диннинг сўкилишига сабаб бўлиб қолганини эшитиб қоламиз. Фарзандлар бу борада ўта зийрак бўлишсинки, ўзининг баъзи нотўғри ҳатти-ҳаракатлари билан ота-оналарининг диндан чиқадиган ёки катта гуноҳ бўладиган сўзларни айтишига сабаб бўлиб қолишмасин.

ФАРЗАНД БАЖАРИШИ ЛОЗИМ БЎЛГАН БУРЧЛАРДАН ЯНА БИРИ:
«Уларга «уф!..» дема ва уларни жеркима! Уларга (доимо) ёқимли сўз айт!»
Бу илоҳий одоб ва тавжиҳот ота-онанинг кексалик ҳолидаги руҳиятини риоя қилиб, ҳисобга олиб, фарзандаларга ота-оналари кексалик ёшига етганларида ўта зийрак, фатонатли, меҳрибон ва мулойим муомалада бўлишларига насиҳат қиляпти.
Ота-она илгари сенга берганди, инфоқ қилганди, энди эса ўзлари сенга эҳтиёжманд бўлиб қолди. Илгари кучли эди, иш қилишга қодир эди, энди эса вақт ўтиб уйда ўтирадиган бўлиб ёки тўшакка михланиб, бетоб бўлиб ётиб қолди.
Демак, бу ҳолат фарзандни хушёрликка, меҳрибонликка, одобли бўлишга ва олий сиёсат олиб боришга чақирадиган вазиятдир. Токи ота-онанинг ҳис-туйғуларини жароҳатлаб қўймасин. Чунки бу ҳолат, бу кексалик ёши уларнинг ҳис-туйғулари  ўткир ва нозик бўлган пайтдир.
«Уф» сўзи ақл ўйламай, тафаккур қилмай кўпинча сиқилиш, танглик, нотинчлик ва хавотирли ҳолатларда беэътибор, ихтиётсиз айтилиб юбориладиган сўздир. Аллоҳ таоло фарзандни ана шу ўйламасдан, беихтиёр чиқиб кетадиган сўзни айтишдан ҳам қайтариб, ҳар бир айтадиган сўзида зийракликка чақиряпти.
Шундан маълум бўладики, Аллоҳ таоло фарзандни беихтиёр ушбу сўзни айтишдан қайтардими, демак ихтиёрий айтиладиган ҳар бир сўзига эътибор берсин.
Сўнгра Аллоҳ таоло яна таъкидлаш учун «ва уларни жеркима!» деб хитоб қилди. Жеркиш – бу гап қайтариш, қаттиққўллик ва шафқтсизлик қилишдир. Бу ҳаётда кўп учраб турадиган ҳолатдир. Мисол тариқасида айтсак: жеркишлик –  фарзанд отанинг қўлига бир пиёлада ичимлик тутиб ва отанинг қўли қалтираб пиёладаги ичимлик фарзандининг ажойиб гиламига тўкилиб ифлос қилса, бўлган воқеадан фарзанд дарҳол уфф тортиб, қалб жароҳатланадиган сўзларни айтиб юборишидир. Ёки эшитиши оғирлиги ёхуд паришонхотирлиги сабабли ота-она бир саволни икки марта сўраса, фарзандлар жеркиб беради. Ваҳоланки, ўзлари болалик чоғида бир саволни ўн марта такрорлаб сўраса ҳам, ота-она эринмай жавоб беришган-ку.   
Эй фарзанд, сен шундай ҳолатларда оғзингдан беихтиёр жароҳатловчи сўзлар чиқишидан огоҳ бўл!
Бу икки қайтариқни янада кучайтириш учун Аллоҳ таоло фарзандга «Уларга (доимо) ёқимли сўз айт!» деб буйруқ беряпти.
Умар розияллоҳу анҳу ушбу оятни тафсир қилиб қуйидаги сўзларни айтган эканлар:
Бу – эй отажон, эй онажон деб хитоб қилмоқлик, исмларини айтиб чақирмаслик, уларнинг ҳузурида овозни баланд кўтармаслик ва уларга кўзни чақчайтириб қарамасликдир.
Саид ибн Мусаййиб розияллоҳу анҳудан ушбу оятдаги уларга ёқимли сўз айтиш қандай бўлиши ҳақида сўрашганларида шундай деган эканлар:
Ёқимли сўз айтиш айбдор қулнинг дарғазаб ҳожаси учун айтадиган сўзи каби бўлсин. Биринчидан, у  қул, иккинчидан у айбдор, учинчидан, унинг ҳожаси ғазабли кишидир.
Эй фарзанд, сен доим мулойим, виқорли, ҳурматли, ҳаёли, одобли сўз топиб гапиргин!
Аллоҳ таолонинг аввал азият берувчи сўзлардан қайтариб сўнг ёқимли сўз айтишга буюришидан ёмон хислатлардан қутилиш яхши хислатлар билан безалишдан олдин бўлиши лозимлиги ва азият бермаслик ёқимли сўздан яхшироқ эканлиги мулоҳаза қилинади.
Шу ўринда бир йигитнинг қиссасини зикр қиламиз. Отаси унинг кийимига таом тўкиб юборди. У йигит тўкилган таомни ялаб туриб отасига: «Отажон, сиз мени таомлантирганингиз каби Аллоҳ сизни таомлантиряпти», деб хижолатчиликни таҳсинга сазовор яхшиликка буриб юборди. (Яъни  фарзанд ёшлигида қанча тўкиб еса ҳам, ота-она малолланмай, хурсандлик билан парвариш қилганди.)
Яна бир фарзанд онасининг оёғи остига ўзини ташлабди. Шунда онаси: «Бунчалик қилма, ўғилгинам», дебди. Ўғли эса: «Онажон, агар мени ҳақиқий яхши кўрсангиз, жаннатга киритадиган амалдан мени тўсманг», деб жавоб берибди.
Ота-онага ёқимли сўз айтишлик уларга нисбатан меҳрибонлик кўрсатишнинг бир тури ҳисобланади. Хусусан, улар улуғлик ёшига етганларида. Чунки улуғлик ёши гоҳида соҳибини тўшакка михлаб қўяди  ёки бу ёшда бошқанинг ёрдамига муҳтож бўладиган баъзи касалликларга учрайдики, энг яқинларидан бошқа ҳеч ким назар солиш мумкин бўлмаган ҳолатларга тушиб қолади. Шу пайтда ҳаммадан кўра уларга хизмат қилишга муносиброғи фарзандларидир.
Ўйланг, ота ёши ўтиб бир касалликка йўлиқдики, қазои ҳожат учун уни кўтариб бориб унга ёрдам берадиган кишига муҳтож бўлиб қолди. Шу пайтда фарзанд отасига: «Отажон, ҳижолат бўлманг, хотиржам бўлинг, менга қилган яхшиликларингизнинг баъзиси қайтаришимга фурсат, имкон беринг, сиз менга бундан бир неча чандон кўп яхшилик қилгансиз-ку», дейишлиги лозим.
Шу билан бирга, у отасини яхши кўриб, унга меҳр кўрсатиб, унинг хизматини малолланмай, аччиқланмай, оғринмай, бошини қуйи тутиб, ташвишланмай бажарса, ана шунда «Уларга (доимо) ёқимли сўз айт!» оятига амал қилган бўлади. (чунки ота-она фарзандига гўдаклик чоғида малолланмай қарашган)
Демак, фарзандалар ҳеч қачон, ҳеч бир ҳолатда ёқимли сўз айтиш нимадан иборат эканини унутмасликлари керак.
Масалан, ота фарзандининг уйига ташриф буюрди ва уй анжомлари ёки буюмларидан бирини синдириб қўйди. Шу пайтда фарзанд отасига: «Сизга фидо бўлсин, отажон!» – десин. Ёки «ҳечқиси йўқ, бунинг ўрнига бошқасини олмоқчи бўлиб тургандим» ёки шунга ўхшаш ота-онанинг ҳурматини сақлайдиган ёқимли сўзларни топиб вазиятни гўзал ҳолатга буриб юборсинки, ота-онанинг ҳис-туйғулари жароҳатланиб қолмасин.
Кўпинча  ота-она ёши улуғ бўлган чоғда касаллик етиб тўшакка михланиб, баъзида оёқ-қўли ишламай ётиб қолади ва шифо умид қилади. Уларга тасалли берадиган, кўнглини юмшатадиган сўзларни айтадиган кишига муҳтож бўлиб қолади. Шу вақтда фарзанд уларга ўхшаб касалликка чалинган ва Аллоҳ таоло уларга шифо берган кишилар ҳақида гапириб, «Фалончи ҳам худди шунақа касалликка чалинганди, Аллоҳ таоло уларга шифо берган, иншааллоҳ, сизга ҳам шифо беради», деб тасалли бериши лозим.
Эй фарзанд, сен ота-онангнинг сенга қилган яхшиликларини доимо эслагин. Хусусан, гўдаклик ва болалик чоғингда сенга кўрсанган меҳрибонликларини зинҳор унутма!
Сенинг заифлик ҳолингга қараб Аллоҳ таоло уларнинг меҳрини сенга орттириб қўйди. Сен ҳожатманд ва касалга чалинган ҳолингда уларнинг меҳри янада зиёда бўлди. Эътибор билан қарасанг, бой фарзандига қараганда ота-онанинг фақир фарзандига меҳрибонроқлигини кўрасан. Касалига соғломидан кўра меҳрибонроқлигини кўрасан. Ғоибига ҳозиридан кўра меҳрибонроқлигини кўрасан. Кичигига каттасидан кўра меҳрибонроқлигини кўрасан. Яъни  фарзанднинг ҳожатмандлигига қараб ота-онанинг меҳри кучайиб бораверади. Сен ҳам бу нозик ишорани унутма. Яъни  ота-онанг сенинг хизматингга қанча кўп муҳтож бўлдими, сен улардан зерикиш ёки безор бўлиш ўрнига уларга кўпроқ меҳр кўрсатишга ҳаракат қилгин. Демак, улар қувватли чоғида ҳам уларга яхшилик қилиш сенинг бурчинг эди, энди улар қувватдан кетгандан сўнг уларга яхшилик қилиш янада вожиброқ, янада лозимроқдир. Буни зинҳор унутмагин!

ФАРЗАНД БАЖАРИШИ ЛОЗИМ БЎЛГАН БУРЧЛАРДАН ЯНА БИРИ:
Аллоҳ таоло бизга хитоб қилиб «Уларга, меҳрибонлик билан, хорлик қанотини паст тут», деяпти.
Яъни  қуш қанотини пастга тушириб ўз болаларини таомлантиргани ва бағрига олгани каби сен ҳам ота-онагни бағринга ол. Бу сўз ота-онанга меҳр кўрсат, уларнинг итоатида бўл деган сўздан киноядир.
Қуш учиш ва бошқалардан баланд бўлиш учун қанотини кўтаргани каби уларнинг ҳузурида елкангни кўтариб гердаймагин, уларга кибр қилма, уларнинг буйруғига саркашлик қилмагин.

ФАРЗАНД БАЖАРИШИ ЛОЗИМ БЎЛГАН БУРЧЛАРДАН ЯНА БИРИ:
Ва айт: «Эй, Роббим! Мени (улар) гўдаклик чоғимда тарбиялаганларидек, Сен ҳам уларга раҳм қилгин!» (Исро 24)
Бу дуо ота-она ҳаёт бўлса ҳам ёки вафот этган бўлса ҳам, қилинаверади. Чунки уларга ҳаётлик чоғида қилган яхшилигинг улар сенга гўдаклик чоғингда қилган яхшилигига тенг келмайди. Оятда «гўдаклик чоғимда» деган сўзни зикр қилиниши «Сени ота-онанг гўдакликлик чоғингда тарбиялаган, сени ювиб-тараган, буни тан ол, буни эътироф қил», деганидир.
Суфён раҳматуллоҳи алайдан сўрашдилар: «Инсон ўз ота-онасини қанча марта дуо  қилади, ҳар куними, ҳар ойдами, ёки ҳар йилдами?» У киши: «Уларни ташаҳҳуднинг охирида дуо қилсин, деб ўйлайман», дедилар. Яъни  ҳар намозда, намознинг ичида, ҳали салом бермасдан, дуолар ижобат бўладиган пайтда дуо қилсин, деяпти.

ФАРЗАНД БАЖАРИШИ ЛОЗИМ БЎЛГАН БУРЧЛАРДАН ЯНА БИРИ:
Ота-онага қилинган хизмат бериё, сидқи-дилдан, ихлос билан бўлсин!
«(Эй, инсонлар!) Роббингиз дилларингиздаги нарса (сир)ларингизни яхши билувчидир...»(Исро 25)
Яъни  ота-онага қилаётган муомалангизни ихлос билан қиляпсизми  ёки одамлардан андиша қилиб яхши муомала қиляпсизми, уни Роббингиз билувчидир. Улар ўтиб кетгандан кейин уларни эслаб қилаётган дуои хайрлар, эҳсон ва садақаи жориялар, ота-она сабабидан қариндош бўлган кишиларга қилинган силаи-раҳм, ота-онанинг дўсту-ёрларига қилинаётган яхшиликларингизни ихлос билан Аллоҳ учун Унинг розилигини кўзлаб қиляпсизми  ёки ҳар хил хурофат ва бидъатлар сабабидан, одамлар нима дейди, деб уялиб қиляпсизми, Роббингиз буни билувчироқдир.
Демак, ҳеч нарсани: на ошкор ва на пинҳон нарсаларни Роббимиздан яшира олмас эканмиз  ва Унинг ҳузурига қайтиб шунга яраша жазо ёки мукофот олар эканмиз, У Зотни рози қиладиган, ажр ва мукофот оладиган амалларни қилишга енг шимариб, бел боғлайлик. Ота-онага яхшилик қилишлик эса мана шундай амалларнинг гултожиларидан ҳисобланади.

 

Сидиқметов Қудратуллоҳ «Кўкалдош» мадрасаси мударриси, «Аҳмаджон қори» жомеъ масжиди имом-хатиби