A-
 A 
A+
http://www.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
http://www.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
http://www.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://www.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
http://www.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://www.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
Имом ал-Воҳидий
PDF Босма E-mail

«Асбоб ан-нузул» соҳасидаги энг машҳур асар муаллифи, шубҳасиз, Абу-л-Ҳасан Али ибн Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Али ибн Маттуйа ал-Муттавий ал-Воҳидий ан-Найсобурий бўлиб, асли Эроннинг Нишопур шаҳридан. Нисбаси араб матнларида Найсобур, Нийсобур шаклида учрайди. Муттавий эса унинг катта бобоси Маттуяга нисбатан айтилган. У тижоратчилар оиласига мансублиги, боболари асли Сова шаҳридан бўлганлиги ҳам манбаларда қайд қилинган. Ал-Воҳидий нисбаси нима учун қўллангани маълум эмас. Ал-Воҳидийнинг туғилган йили маълум бўлмаса-да, вафот қилган йили 468 ҳижрий йили жумодий ал-охир ойи эканлиги айтилган. Бу 1076 милодий йилнинг январь ойига тўғри келади. Ал-Воҳидийнинг Абдураҳмон деган фақиҳ, ҳадисшунос укаси ҳам бўлган. Ёқут ал-Ҳамавий (1179-1229) «Мўъжам ал-булдон» асарида Абдураҳмонни 487/1095 йилда вафот қилганлигини ёзган.
Ал-Воҳидий «Басит» асарининг муқаддимасида 9 ёшидан бошлаб илм оламига кириб келгани, Абул Фазл ал-Арузий олдида адабиёт илмини пухта эгаллагани, у ўқимаган девонлар қолмаганини қайд қилади. Абул Фазл ал-Арузийнинг олдида бир неча йиллар ўқиганидан сўнг устози унга «Энди етар, бас! Сен бутун дунё тан олган олим Абу Исҳоқ ас-Саълабий олдига бор ва ундан тафсир илмини ўрганиб, Аллоҳнинг китобига кириш!» деганидан кейин у Имом ас-Саълабий (вафоти 427/1036) олдида таҳсил олиб, тафсир илмини муфассал ўргана бошлайди. Шу орада у наҳв илмини Абул Ҳасан ал-Куҳандизий аз-Зарирдан ўрганади. Қўшимча равишда Абу Имрон ал-Мағрибий ал-Моликийдан дарс олади. Қуръонни тўғри ўқиш ва қироат илмини Абул Қосим Али ибн Аҳмад ал-Бустийдан ўрганган. Унинг олдида Қуръонни бир неча марта хатм қилиб ўқиб берган. Шунингдек, ал-Воҳидий Ибн Меҳрон (906-992), Абу Усмон Саид ибн Муҳаммад ал-Ҳийрий (XI аср), Абул Ҳасан Али ибн Муҳаммад ал-Форисий (XI аср) каби қироат илми билимдонлари олдида қироат илмини мукаммал эгалайди.
Имом ас-Суютий (1445-1505) ўзининг «Табақот ал-муфассирийн» асарида Имом ал-Воҳидий кўплаб шогирдлар етиштирганини қайд қилади ва уларнинг энг машҳурларини санаб ўтади. Имом ал-Воҳидийга шогирд бўлганлар жумласига Аҳмад ибн Умар ал-Арғиёний ва Абдулжаббор ибн Муҳаммад ал-Ҳоварийлар ҳам кирган.
Ибн Халликон (1211-1282) ўзининг машҳур «Вафийёт ал-аълом» асарида Имом ал-Воҳидийни «Ўз даврида тафсир ва наҳв устози, ўз таснифотлари билан бахтга эришган, одамлар асарларининг гўзаллигига тан берган, мударрислар ўз дарсларида уларни зикр қиладиган зот» деб таъриф беради. Ибн Халликон яна Ҳужжат ал-ислом Абу Ҳомид Муҳаммад ал-Ғаззолий (вафоти 505/1111) унинг асарларидан таъсирланганини ёзади. Маълумки, Ғаззолийнинг фиқҳга оид учта асари ҳам Имом ал-Воҳидийнинг тафсирга оид учта асарининг номи билан бир хилдир.
Ибн Қози Шиҳба (вафоти 851/1448) «Табақот аш-Шофеия» асарида Имом ал-Воҳидийни наҳв ва луғатда имом,фақиҳ, шоир, тафсирда эса ягона зот, деб васф қилган.
Ибн Абул Вафонинг «Жавоҳир ал-музиййа фий табақот ал-Ҳанафия» китобида Муҳаммад ибн Абу Бакр Абу Тоҳир ал-Бусанжий (XI аср охири – XII аср боши) зикрида айтилишича, «Ҳидояи шариф»нинг муаллифи Бурҳониддин ал-Марғилоний (вафоти 593/1197) ўзининг «ал-Машихат» асарида Абу Тоҳир ал-Бусанжий Марвда унга барча эшитган илмларида ижозат (шаҳодатнома) берганлигини айтган ҳамда устози ал-Бусанжийнинг Имом ал-Воҳидийнинг «Тафсир ал-Васит» асарини ўз қўли билан кўчирганлигини зикр қилган экан. Шунингдек, Бурҳониддин Марғилоний мазкур китобида ал-Бусанжий орқали Имом ал-Воҳидийдан Анас (610-712) (розияллоҳу анҳу)нинг марфуъ ҳадисини ривоят қилган: «Шак йўқки, Аллоҳ таолонинг бир фариштаси ҳар намоз пайти нидо қилади: «Эй, Одам болалари! Ўз нафсларингизда ёққан оловларингизга туринглар-да, уни намоз ила ўчиринглар!» Мазкур нақлдан Имом ал-Воҳидийнинг ҳадис илмида ҳам ўз ўрни борлигини билиш мумкин.
Имом ал-Воҳидийнинг илми ниҳоятда юксаклиги, ёзган асарлари жуда қадрли бўлиши билан бирга баъзи таърихчилар унинг салбий томонларини ҳам тилга олиб ўтганлар. Жумладан, Тожуддин ас-Субкий (вафоти 771/1370) ўзининг машҳур «Табақот ал-кубро» тазкирасида зикр қилишича, Абу Саъд ас-Самъоний (1113-1167) «Китоб ат-тазкира» номли асарида: «Гарчи ал-Воҳидий ҳурмату эҳтиромга лойиқ зот бўлса-да, лекин тили аччиқ одам эди», деб эслайди. Ёқут ал-Ҳамавий ҳам унинг ўтган уламоларга бепарволик билан кўплаб таъна қилганлигини ёзади. Шу билан бирга, Ёқут ал-Ҳамавий Имом ал-Воҳидийнинг илми буюклигини қайд қилиб, у ҳақда мана бундай шеър тарқалганини зикр қилган:
Олам жамъ бўлди-ку бир кимсада,
Бизнинг олимимиз таниқли ал-Воҳидий-да!
Имом ал-Воҳидий ўзидан ўнлаб асарлар мерос қолдирган бўлиб, барчаси эътиборли манбалар ҳисобланади. Биз уларнинг айримларини бу ерда қайд қиламиз:
1) «ал-Басит» – тафсирга оид асар бўлиб, Ибн Шиҳба айтишига қараганда 16 жилд бўлган. Унинг бир қўлёзмасини мусташриқ Карл Броккелман (1868-1956) Миср кутубхоналаридан бирида эканлигини эслатган;
2) «ал-Васит» – тафсирга оид бу асари «Басит»нинг 4 жилдга қисқарган шаклидир. Чунки  асарнинг тўла номи «ал-Васит байн ал-мақбул ва-л-басит» деб аталган. Бу асарнинг қўлёзма нусхалари Германия, Ҳиндистон, Туркия, Миср ва Ҳалаб шаҳарларида сақланади. Унинг бир қўлёзма нусхаси Тошкентда Ўзбекистон Фанлар Академияси Абу Райҳон Беруний номли Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондида №3156 тартиб рақами билан сақланади;
3) «ал-Важиз» – тафсирга оид бу асар юқорида номлари тилган олинган китобларининг қисқарган мўъжаз шакли бўлиб, кичик бир жилд ҳажмидадир. Унинг қўлёзма нусхалари Туркия ва Миср кутубхоналарида мавжуд. Шунингдек, ЎзР ФА ШИ қўлёзмалар фондида унинг икки қўлёзма нусхаси №№ 5115, 6349 тартиб рақамлари билан сақланади;
4) «Китоб тафсир ан-Набий» – Ёқут ал-Ҳамавий тилга олган бу асарда Имом ал-Воҳидий Пайғамбар (алайҳиссалом)дан баъзи оятларга берилган тафсирларни бевосита саҳиҳ ҳадислар орқали етиб келганини жамълаган кўринади. Демак, китоб тафсир бил-маъсурнинг бир етук намунаси бўлган. Карл Броккелманнинг «Жомеъ ал-баён фий тафсир ал-Қуръон» деб атаган муаллифнинг асари шу бўлса керак ва унинг бир қўлёзмаси Эрон кутубхонасида сақланиши айтилган;
5) «Асбоб ан-нузул» – мазкур асарида муаллиф Қуръон оятларининг нозил бўлиш сабабларини таҳқиқ ва таҳлил қилади ва бу борадаги саҳиҳ ривоятларни тўплайди. Асарнинг қўлёзма нусхалари Англия, Германия, Миср, Ҳалаб кутубхоналарида сақланади. Асар бир неча марта нашр этилган.
6) «Китоб нафий ат-таҳриф ъан ал-Қуръон аш-шариф» – асарда Қуръони Каримни ўзгаришлардан, уни бузиб талқин қилишлардан сақлаш мақсадида баъзи кўрсатмалар берилган, айрим шахсларнинг оятлар маъносини нотўғри талқин қилганларини танқид қилинган;
7) «Китоб ад-даъовот» – асарда саҳиҳ ривоятлар орқали Пайғамбар (алайҳиссалом)нинг қилган дуолари жамланган.
8) «ат-Танжиз фий асмоиллоҳ» – асарда Аллоҳ таолонинг гўзал исмлари шарҳ қилинган. Кичик ҳажмли рисола бўлган.
9) «Тафсир асмо ан-Набий» – Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)нинг исмлари бир жойга жамъланган ва уларга изоҳлар берилган.
10) «Китоб ал-мағозий» – Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)нинг ғазотлари тўғрисида саҳиҳ ривоятлар асосида сўз юритилган асар.
11) «Тафсир девони ал-Мутанаббий» – машҳур араб шоири Абу ат-Тоййиб ал-Мутанаббий (915-965)нинг девонига ёзган энг мукаммал ва муфассал шарҳи.
12) «Китоб ал-иғроб фи-л-эъроб» – наҳв илмига оид асари.
13) «Ҳурар ал-маоний» – балоғат илмига оид асари. Битта қўлёзма нусхаси Ленинградда сақланади.
14) «ал-Ҳовий ли-жамъ ал-маоний» – балоғат илмига оид муфассал асар. Қўлёзма нусхаларидан бири Эрон кутубхоналаридан бирида сақланади.

Ҳамидуллоҳ Беруний