A-
 A 
A+
http://www.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
http://www.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
http://www.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://www.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
http://www.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://www.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
Тақвонинг уч сифати
PDF Босма E-mail

Бир бемор табибнинг одига келса, уни текшириб кўриб, фалон-фалон касалингиз бор экан дейди-да, тузалиши учун керакли дориларни ёзиб беради. Табиб беморга ўша дори фойда бериши учун қилиши лозим бўлган нарсаларни ҳам айтади. Масалан, дорини 1 ой ичасиз, овқатдан кейин ичасиз, ёғли овқат емай турасиз, чўмилмай турасиз ва ҳоказо шартларни айтади. Бемор шу шартларни бажарсагина, ҳалиги дори кор қилади. Табиб ёзиб берган дорилар айтилган шартлар қойиллатиб бажарилгандагина фойда беради. Аммо айтилган шартлар бажарилмаса, яъни чўмилиб қўйилса ёки ёғли таомлар истеъмол қилиб қўйилса, айб табибда эмас, касалнинг ўзида бўлади. Чунки  у айтилган шартларни бажармади. Шунинг учун унга дори фойда бермади.

 

Кўпчилигимиз Қуръон ўқиймиз-у, аммо таъсирланмаймиз, кўзимиз ёшланмайди. Хўш, бунинг сабаби нима? Нега Қуръонни ўқиб бўлиб ўрнимиздан турганимиздан кейин ҳеч нарса бўлмагандек яна ишимизни қилиб кетаверамиз? Нега Қуръон ҳаммага бир хил таъсир қилмаяпти? Таъсирланишнинг бирор сири борми? Азизлар, Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:
«Алиф Лом Мим. Бу китобда шак-шубҳа йўқ, у тақводорларга ҳидоятдир. Улар ғайбга иймон келтирурлар, намозни тўкис ўқирлар ва Биз уларга берган ризқдан нафақа қилурлар» (Бақара, 1-3).
Оятга эътибор қилсак, Қуръон тақводорлар учунгина ҳидоят манбаи бўлишини англаймиз. Ким Қуръондан чиройли йўлни олиб яшайди? Ким Қуръон ўқиганда таъсирланиб, бошқача аҳволга тушади? Албатта, тақводорлар! Агар шифокор Аллоҳ бўлса, банда бемор, Қуръон дори бўлса, ўша дори таъсир қилиши учун айтилган шарт тақводир.
Бу оятларнинг Қуръоннинг аввалги сурасининг бошида келишини бир ўйлаб кўрайлик. Ушбу оятларни олдин келтириш билан Роббимиз бизга «Эй бандаларим, агар Қуръонни ўқиб, таъсирланиб, Қуръон асосида яшамоқчи бўлсангизлар, Қуръоннинг кейинги оятлари сизларга фойда беришини хоҳласангиз, аввало, мана шу беш оятдаги сифатларни ўзларингизда шакллантириб олинглар. Акс ҳолда барча уринишларингиз бесамар кетади» деяпти. Келинг, тақводорлар кимлар эканини кўриб чиқайлик.
Биринчиси – «ғайбга иймон келтирурлар».
Абул Олия ғайбга иймон келтиришнинг тафсирида: «Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, қиёмат кунига, жаннатига, дўзахига, мулоқотига, ўлимдан кейинги ҳаётга ва қайта тирилишга ишонишдир», деган эканлар.
Имом ал-Ҳоким Амр ибн Шуайбдан ривоят қиладиларки, бир куни Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) саҳобаи киромларига: «Сизнингча кимнинг иймони ажойиб?» деб сўрабдилар. Саҳобалар: «Фаришталарники», дебдилар. У Зот «Улар Роббиларининг олдида туриб иймон келтирмасалар, қандай бўлади?» дедилар. Саҳобалар: «Пайғамбарларники», дебдилар. Пайғамбар (алайҳиссалом): «Уларга ваҳий тушиб туриб иймонга келмасалар, қандай бўлади?» дедилар. Саҳобалар: «Бизники», дедилар. У Зоти бобаракот: «Мен ораларингизда туриб иймон келтирмасаларингиз, қандай бўлади?» деб туриб, сўнгра  ўзлари жавоб қилдилар:
«Мен учун халойиқнинг ичида иймони ажойиби сизлардан кейин, саҳифалардаги китобга иймон келтирган қавмлардир», дедилар.
Ҳақиқатда, Ғайбга иймон келтириш билан инсон ҳайвондан ажраб туради. Чунки ҳис қилиш аъзолари ёрдамида уларга моддий таъсир этувчи нарсаларни идрок қилиш билан ишониш ҳайвонларда ҳам бор. Ғайбга иймон келтириш туфайли инсон ўзини ўраб турган ҳиссий дунёдан чексиз уфқли, кенг оламга чиқади. Ҳа, ғайбга, яъни кўрмаган нарсасига иймон келтириш инсонга хос сифат.
Собиқ Иттифоқ, яъни даҳрийлик авжга чиққан даврда бир мактабда бир ўқитувчи болаларга савол берибди: «Болалар, қўлимдаги ручкани кўряпсизларми?» Болалар: «Ҳа, кўряпмиз», дейишибди. Ўқитувчи: «Доскани кўряпсизларми?» деб сўрабди. Болалар яна: «Ҳа, кўряпмиз», дейишибди. Ўқитувчи: «Худони кўряпсизларми?» деганда, болалар «Йўқ», деб жавоб беришган экан. Шунда ўша ерда ўтирган болалардан бири синфдошларига қарата: «Доскани кўряпсизларми?» дебди. Синфдошлари: «Ҳа, кўряпмиз», дейишибди. Бояги бола: «Домлани кўряпсизларми?» деб сўрабди. Болалар яна: «Ҳа, кўряпмиз», дейишибди. Шунда ҳалиги бола: «Домланинг ақлини кўряпсизларми?» дебди. Болалар: «Йўқ, кўрмаяпмиз», деб жавоб беришган экан. Яъни  оддий, содда мантиқ билан бу тушунчанинг нотўғрилигини исботлаб берган экан. Ҳа, азизлар, кўзимиз кўрмайдиган қанчадан-қанча нарсалар бор. Лекин уларнинг борлигини ҳеч ким инкор этмайди.  
Иккинчиси – «намозни тўкис ўқирлар».
Яъни  Аллоҳга ибодат қиладилар. Бандага қул бўлишдан озод бўлиб, бандаларнинг Парвардигорига қул бўладилар. Намоз орқали банда Аллоҳ таолога боғланади. Ҳаётида ерга қапишиб юришдан юқори нарсани топади. Шунингдек, бошқа улкан яхшиликларга эришади. Аллоҳ таоло намозни «юқиймуна», яъни қоим қиладилар, демоқда. Бу дегани намоз қандай ўқилиши талаб қилинган бўлса, шундай ўқишдир. Қуруқ ётиб-туриш эмас. Намозга киришган заҳоти банда дунёдан узилиши ва Аллоҳ билан боғланиши лозим.
Азизлар кўпчилигимиз намоз ўқиймиз, лекин қоим қилмаймиз. Барчамиз Қуръондан ҳидоятланишни истар эканмиз, энди намозларимизга ҳам бир кўз ёгуртириб, хатоларини тузатиб, қоим қилишга ўтишимиз керак.
Урва ибн Зубайр (розияллоҳу анҳу)нинг оёқларига қорасон касали тушди. Табиблар оёқни сонидан кесиб ташламаса, дард бутун танага тарқаб, ҳалокатга олиб келади, деган қарорга келишди. Урва ибн Зубайр (розияллоҳу анҳу):
«Ундоқ бўлса, кесиб ташланглар», дедилар.
Табиблар:
«Бунинг учун сизга банж беришимиз керак», дейишди.
У киши:
«Банж ҳаром, уни истеъмол қилмайман», дедилар.
Табиблар:
«Ундоқ бўлса, оёқни сонингиздан кесиб ташлашнинг иложи йўқ», дейишди.
Урва ибн Зубайр (розияллоҳу анҳу):
«Иложи бор. Сиз асбобларингизни тайёрланг. Мен намоз ўқийман. Бир маромга етиб, баданим титрай бошлаганда, билганингизни қилаверинг, ҳеч нарса бўлмайди», дедилар.
У зот намоз ўқидилар. Баданлари титрай бошлади. Табиблар ўша даврнинг услуби ила қорасон тушган оёқни сонидан кесдилар. Сўнгра кесилган сонни қайнаб турган ёғга солиб, оқаётган қонни тўхтатганларида, Урва( розияллоҳу анҳу) намозни тугатиб ҳушларидан кетдилар».
Ҳа, азизлар, улар учун наркоз шарт бўлмаган, улар намоз чоғида дунёдан бутунлай узилишган.
Учинчиси – «Биз уларга берган ризқдан нафақа қилурлар».
Тақводор мўмин-мусулмон одамнинг эътиқоди бўйича, унинг қўлидаги мол-дунё Аллоҳ берган ризқ, ўзи яратган нарса эмас. Шунинг учун ҳам тақводор инсон Аллоҳ берган ризқдан ўзининг заифҳол, муҳтож биродарларига садақа қилади. «Садақа» сўзини тасдиқ маъноси бор, мол-дунёсини сарфлаб садақа қилишда эътиқоддаги маънонинг, яъни  яхшилик қилиш маъносининг тасдиғи бор. «Нафақа» ўзи умумий сўз бўлиб, закот, хайр-эҳсон, садақа каби маъноларни англатади.
Аллоҳ таоло юқоридаги сифатларни келтириб бўлгандан кейин «Ана ўшалар, Роббиларидан бўлган ҳидоятидадирлар ва ана ўшалар, ўшаларгина нажот топгувчилардир», деб эълон қиляпти.
Демак, Аллоҳнинг Китоби бизга йўл кўрсатиши учун бизда тақво сифати бўлиши лозим ва лобуддир.
Ким тўғри йўлда бўлишни истаса, тақво сифатига эга бўлсин. Ҳамма ўзининг йўлини тўғри деб билади, ваҳоланки, тўғри йўл битта, у ҳам бўлса, Аллоҳнинг йўлидир.
Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг тақволи бандаларидан қилиб, Қуръон ўқиганда таъсирланадиган, тўғри йўлда юриб, нажотга эришадиганлардан қилсин. Омин!

 

Нозимжон Ҳошимжон