A-
 A 
A+

Ўзбекистонда ХХII қорилар мусобақаси

Рамазон муборак
PDF Босма E-mail

Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ, азиз диндошлар. Барчаларингизни Қуръон.уз сайти ҳайъати номидан ушбу кириб келган Қуръон ойи – қутлуғ Рамазон ойи билан чин дилдан муборакбод этишга ижозат бергайсиз. Аллоҳ таоло ҳаммаларингизга руҳан ва жисмонан соғлик, саломатлик, бардамлик ато этсин ва ушбу муборак ойдан унумли фойдаланиб, илму амалда, фазлу тақвода зиёдалик билан, гуноҳлардан фориғ бўлган ҳолда, Рўзанинг инсон руҳи ва жисмига етказадиган манфаатларидан тўлиқ насибадор бўлган ҳолда чиқиб боришни муяссар этсин. Келгуси Рамазон ойларига ҳам соғ-омонликда етиб боришни насиб айласин.

Аллоҳ таоло Еру Осмонни яратиб, Қуёш ва Ойни халқ қилиб, уларга манзиллар белгилаганида ойларнинг ўн иккита бўлишини ирода қилди ва ушбу ойлар ичидан Рамазон ойини танлаб, уни бошқа ойлардан афзал қилди. Зотан, бирор ой ёки кунни бошқасидан афзал қилишга уларни йўқдан бор қилган Зотгина ҳақли  ҳисобланади.
Рамазоннинг бошқа ойлардан афзалликлари қуйидаги жиҳатларда яққол намоён бўлади:
1.    Роббулоламийн махлуқотларнинг йиллик тақдирини қайд қилиш учун Рамазон кечаларидан бирини танлади ва у кеча «қадр кечаси», деб номланди.
2.    Бу ойда жаннат эшиклари очилиб, дўзах эшиклари бекиладиган ва бебош шайтонлар кишанланадиган бўлди.
3.    Ҳақ таоло ушбу Рамазон ойининг шарафини кўтариш учун Ўзининг охирги ва мўжиз каломи Қуръони Каримни дунё осмонига айнан ушбу ойда, қадр кечасида тушурди.
4.    Қуръони Каримнинг илк оятларини сўнги Пайғамбар Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилиш учун ҳам Аллоҳ худди шу ойнинг кечаларидан бирини танлади.
5.    Аллоҳ таоло кейинроқ ушбу муборак ойни Ўзининг суюкли Пайғамбарининг севикли умматлари учун рўза ибодатини адо этиш фурсати этиб тайинлаб, белгилаб берди.
6.    Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Ўзининг сўнги китобини сўнги Пайғамбарига фаришта Жаброил алайҳиссалом воситасида бўлиб-бўлиб нозил қилар экан, башар Пайғамбари ҳар йилги тушган оятларни такрорлаб мустаҳкамлаб олиши учун махсус бир фурсат зурур эди. Илоҳий ирода бунинг учун айнан Рамазон ойини ихтиёр қилди. Ҳар Рамазонда ваҳий амийни Жаброил алайҳиссалом Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга айни вақтгача нозил қилинган Қуръон оятларини такрор қилдирар эдилар. Ушбу набавий хатмига айрим саҳобаи киромлар гувоҳ бўлиш шарафига ҳам муяссар бўлганлар.
Ана шундан буён Ислом уммати бу ойнинг кундузларини рўза билан ўтказиш баробарида, кечаларини Қуръонга ошноликда ўтказиб келмоқда. Айнан ушбу маънолардан келиб чиқиб, мусулмонлар қадимдан бу ойни ҳақли равишда Қуръон ойи ўлароқ нишонлаб келмоқда.
7.    Бу ой илоҳий тақсимга кўра, уч даҳа – ўн кунликка бўлинди. Уларнинг биринчиси «раҳмат даҳаси», иккинчиси «мағфират даҳаси», учунчиси «дўзахдан озод бўлиш даҳаси» бўлди.
8.    Рамазонда қилинган яхши амалларнинг савоби кўпайтириб бериладиган бўлди. Рамазонда қилинган ҳар бир фарз амалга етмишта фарзнинг савоби, ҳар бир нафл амалга бир фарзнинг ажри берилиши, бу ойда қилинган умрага ҳажнинг савоби бўлиши ҳадисларда таъкидланган.
9.    Эътикоф ибодати учун суннатда тайинланган вақт ҳам Рамазон ойидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошқа ойларда эътикоф ўтирганлари кузатилмаган.
Бу ой руҳий тарбия ойи. Кундузлари рўза билан, кечалари Қуръон тиловати билан руҳимизни тарбиялаб, қалбимизни покизалаб олишимиз керак. Рамазонда Қуръонни хатм қилиш суннат. Агар буни ўзимиз қила олмасак, ҳеч бўлмаса, масжидлардаги хатми Қуръонларда ихлос билан тўлиқ иштирок этишимиз даркор.
Бу ой жисмни тарбиялаш ойи. Саҳарлик ва ифторликларни суннатга мувофиқ қилиб, кундузлари нафсимизни тийиб юриш билан жисмимизни тозалашимиз, уни қаноатга, керагича озуқаланишга кўниктириб олишимиз лозим. Вақти келганда, очликка ва ташналикка чидай олиш малакасини эгаллаб олишимиз мақсадга мувофиқ. Агар мана шу тарзда Рамазонни ўтказсак, иншооллоҳ, ундан унумли фойдаланган бўламиз.
Аллоҳ таоло ушбу муборак ойни ғанимат билишимизни, унинг фазилатларидан тўла фойдаланиб қолишимизни насиб этсин.

 

Савол беринг

1. Савол беришдан аввал берилган саволлар ичидан керакли мавзуни қидириб кўринг, такрор савол берманг.
2. Ҳар сафар фақат битта савол билан мурожаат қилинг, савол мазмунини имкон қадар қисқа ва лўнда қилинг


Ҳимоя коди
Янгилаш