A-
 A 
A+
http://www.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
http://www.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
http://www.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://www.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
http://www.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://www.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
Шоядки тақводор бўлсаларингиз
Муаллиф:    06.07.2013 23:27    PDF Босма E-mail

Шоядки, тақводор бўлсаларингиз
Муқаддима

Ўзининг азиз китобида, дунёу охиратда мўъминнинг саодатига сабаб бўлувчи тақво ҳақиқатини баён қилган Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ҳамду санолар бўлсин.
Муборак ҳаётлари тақводан иборат бўлган, умматларига тақводан таълим берган ва уни амалий равишда кўрсатиб берган муттақийларнинг имоми Расули Акрамга, аҳли байтларига ва асҳобларига муаттар салавоту саломлар бўлсин.
Азизлар, Аллоҳ азза ва жаллага беҳад шукрлар бўлсин,  муборак Рамазон ойига етиб келдик.
Аллоҳ таоло биз мўминларга хитоб қилиб:
«Эй, иймон келтирганлар! Сизлардан аввалгиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки, тақводор бўлсаларингиз»,  (Моида 183) дейди.
Шунга кўра, сизлар билан бу сафарги Рамазон ойида тақво ҳақида суҳбат қилмоқчимиз. Ҳаммамизга маълумки, ушбу муборак ой, Қуръон ойидир, тақво ойидир. Келинглар, Қуръони Карим  тақво ҳақида нималар дейди, бир назар солайлик...
Аввалам бор, тақво сўзининг маъносини эслаб олайлик.


«Тақво» сўзи «сақланмоқ», «эҳтиёт бўлмоқ» маъноларини англатади. У «виқоя» сўзидан олинган бўлиб, бир нарсани унга озор ва зарар берадиган нарсадан сақлашни англатади. Бинобарин, тақво ўзини қўрқинчли нарсадан сақлашдан иборат.
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳудан: «Тақво нима?» деб сўралганда, «Араблар сертикан майдондан ялангоёқ бўлиб, тикандан сақланиб ўтиб кетишни тақво деб атайдилар», деганлар.
Ҳаётда гуноҳ ишлар ҳам худди тиканларга ўхшайди. Ким улардан эҳтиёт бўлмаса, озор чекади, улардан сақланиб юрган киши эса тақво қилган бўлади. Оқибатда тақво инсон қалбидаги ҳолатга айланади. Бу ҳолат қалбни ҳассос қилиб, ҳар доим Аллоҳ таолонинг сезгиси билан яшайдиган қилиб қўяди.
Тақвонинг истилоҳий маъноси ҳақида ўтган азизлардан Толқ ибн Ҳабиб:
«Тақво Аллоҳнинг раҳматидан умидвор бўлиб, Унинг нури ила Унга тоат қилмоқ ва Аллоҳнинг азобидан қўрқиб, унинг нури ила қайтарган ишларини тарк қилмоқдир», деган.
Қуръони Каримда «тақво» сўзи «хавф», «қўрқиш», «ибодат», «маъсиятни тарк қилиш», «тавҳид» ва «ихлос» каби маъноларда ишлатилган.
Қуръони Каримнинг бир юз етмиш беш оятида «тақво» сўзи келган. «Тақво» сўзи ва ушбу сўздан турланганларини санайдиган бўлсак, икки юз эллик еттитага етади.

Тақвонинг даражалари бўлиб, улар, асосан, учтага бўлинади:
1. Омманинг тақвоси бўлиб, у дўзах ва иқобдан қўрқишдир. Ушбу турдаги тақво фарзларни қилиш ва ҳаром ишларни тарк этиш ила амалга оширилади. Инсонлар ушбу тақвога мукаллаф бўлиб, уни қилмасалар, фосиқлар қаторида ҳисобланадилар.
2. Хосларнинг тақвоси бўлиб, бунда ҳаром қилинган нарсалар тугул, шубҳали нарсалар ҳам Аллоҳга тақво қилиб тарк қилинади.
3. Хосларнинг хосларининг тақвоси. Ушбу даражада Аллоҳ таолонинг йўлида тақво қилиниб, шубҳали нарсалар тугул ҳалол ҳам тарк этилади. Аброрларнинг яхшилиги, муқаррабларнинг ёмонлиги дейилганидек.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг изни ила Рамазон ойининг ҳар кунида сизларга Қуръони Каримдаги тақво оятларини тақдим қилиб борамиз.

Аллоҳим, розилигингни истаб бошлаган бу ишимизни ҳайрли ва самарали қилгин. «Эй, иймон келтирганлар! Сизлардан аввалгиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки, тақводор бўлсаларингиз», дединг, рўзадор бўлиб, ҳақиқий тақводорлардан бўлиш умидидамиз, каломингни англаб, ақл ва қалбларимизга сингдиришда Ўзинг мададкор бўлгин. Амалларимизни тақводан ҳоли қилмагин. Тақво қилишда бизларга хосларнинг хосларининг даражотларини бергин.
Ва ахиру даъвана анилҳамду лиллаҳи Роббил аламийн.

 

Янгиланди ( 03.07.2017 17:47 )