A-
 A 
A+
http://www.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
http://www.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
http://www.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://www.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
http://www.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://www.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
Шоядки тақводор бўлсаларингиз (Еттинчи қисм)
Муаллиф:    16.07.2013 15:45    PDF Босма E-mail

Шоядки, тақводор бўлсаларингиз

Еттинчи қисм

«Ва Аллоҳ сизга ризқ қилиб берган ҳалол-пок нарсалардан енглар. Ўзингиз ишонган Аллоҳга тақво қилинг». (Моида сураси, 88-оят)

«Иймон келтирганлар учун, агар тақво қилиб, иймон келтириб, яхши амалларни қилган бўлсалар, сўнгра тақво қилиб, иймон келтирсалар, кейин тақво қилиб эҳсон қилсалар, еб-ичганларида гуноҳ йўқдир. Зотан, Аллоҳ эҳсон қилувчиларни севадир». (Моида сураси, 93-оят)
Ушбу жавобдан Аллоҳнинг ҳукми келмасдан аввал қилинган ишларда жавобгарлик йўқ эканини тушунамиз. Яъни  хамрнинг ҳаромлигини эълон қилувчи оят ҳижратнинг учинчи йилида нозил бўлган бўлса, унгача Исломда хамр ҳаром бўлмаган. Ўша лаҳзагача уни ичган одам ҳаром нарсани ичган бўлмайди. Бу хусусда ҳисоб-китоб ҳам қилинмайди. Унга гуноҳ ҳам бўлмайди. Ўлиб кетган бўлса, сўроқ-савол ҳам қилинмайди.
Шу билан бирга, ояти каримада бундай ишларда иймон ва тақво асосий аҳамият касб этишига алоҳида эътибор бериляпти. Диққат билан қаралса, қисқа бир оятда «иймон» ва «тақво» сўзлари уч мартадан такрорланяпти.


Аввало, бу ҳукм «иймон келтирганлар учун»лиги айтилмоқда. Албатта, емак-ичмагининг ҳалол бўлишини фақат иймонлилар – мусулмонлар суриштирадилар. Улардан бошқаларга нима еб-ичаётганларининг фарқи йўқ. Ҳалолми-ҳаромми, суриштириб ўтирмайдилар. Энг муҳими, есалар-ичсалар бўлди. Бу масалада улар чорва ҳайвонлари кабидирларки, буни ўзлари ҳам яхши билишади.
Кейин:
«...агар тақво қилиб, иймон келтириб, яхши амалларни қилган бўлсалар», дейилмоқда.
Яъни  ҳам иймон, ҳам яхши амал, ҳам тақводорлик зарур, буларсиз бўлмайди. Оғзида иймон даъво қилса-ю, тақвоси бўлмаса, иймони йўқ ёки заиф бўлади. Шунингдек, яхши амаллар қилиб юрганини ёки энди қилмоқчи эканини даъво қилса-ю, тақвоси бўлмаса, бу ҳам ўрнига ўтмайди. Бундай амалларни яхши деб бўлмайди.
Оятда бундан кейин:
«сўнгра тақво қилиб иймон келтирсалар», дейилмоқда.
Аввалги жумлада иймон билан яхши амалларни қўшиб олиб бориш учун тақво зарурлиги ишоратан билдирилган бўлса, бу ерда иймоннинг алоҳида ўзига ҳам тақво зарурлиги таъкидланмоқда.
«...кейин тақво қилиб эҳсон қилсалар», жумласи билан эса яхши амалларнинг ўзига ҳам тақво зарурлиги таъкидланмоқда. Бу нарса ўз навбатида, шуни кўрсатадики, тақво, яъни  Аллоҳнинг айтганини қилиб, қайтарганидан қайтиш нақадар аҳамиятли иш экан. Албатта, тақво – киши қалбига ўрнашган малакадир, соҳибини яхшиликка йўллаб, ёмонликдан қайтариб турувчи, доимо Аллоҳдан қўрқитиб турувчи ҳолатдир.
Ароқнинг ҳаромлиги ҳақидаги оят нозил бўлишидан олдин ароқ ичиб юрган бўлса ҳам, иймони, яхши амали тақво асосида бўлган шахсларга еган-ичганида гуноҳ йўқ. Чунки  у пайтда ароқ ҳаром қилинмаган эди. Аммо «Менинг иймоним қалбимда, тақвом қалбимда, эътиқод масаласи − шахсий иш», деб ароқни ичаётганлар, уни ҳалол десалар, кофир; ҳаром деб туриб ичсалар, осий бўладилар.

 

«Денгиз ови ва унинг таоми сизга ва сайр қилувчиларга ҳалол қилинди. Модомики, эҳромда экансиз, сизга қуруқлик ови ҳаром қилинди. Ҳузурида тўпланадиганингиз Аллоҳга тақво қилинг». (Моида сураси, 96-оят)

«Сен: «Агар нопокнинг кўплиги сени ажаблантирса ҳам, пок билан нопок тенг бўла олмас. Эй, ақл эгалари, Аллоҳга тақво қилинг, шоядки, нажот топсангиз, деб айт». (Моида сураси, 100-оят)

«Эй, ақл эгалари, Аллоҳга тақво қилинг, шоядки, нажот топсангиз».
Эси-ақли бор одамларгина бунақа гаплардан ибрат олади.
«Эй, ақл эгалари!» – деб хитоб қилинаётганининг боиси ҳам шу. Демак, инсоннинг ақли бўлса, нажот топиш умид-нияти бўлса, Аллоҳга тақво қилиши лозим.

«Ана шундай қилмоқлик, гувоҳликни ҳаққоний адо этишларига ёки қасамларидан сўнг раддия қасам бўлишидан қўрқишларига яқинроқдир. Аллоҳга тақво қилинглар ва қулоқ осинглар. Аллоҳ фосиқ қавмларни ҳидоят қилмас».
(Моида сураси, 108-оят)

Яъни  юқоридаги икки оят кўрсатмаларига амал қилмоқлик, аввало, гувоҳликни ҳаққоний адо этишларига яқинроқдир. Намоздан кейин кўпчилик ичида Аллоҳ номи билан қасам ичтирилиб, сўнгра: «Гарчи қариндошимиз учун бўлса ҳам, қасамни озгина қийматга сотмаймиз ва Аллоҳ учун гувоҳлигимизни яширмаймиз. Зотан, у ҳолда, албатта, гуноҳкорлардан бўлиб қоламиз», дейишлари ҳақиқатан ҳам ҳаққоний гувоҳлик беришларига кучли омил бўлади. Боз устига, улар яна бир нарсадан қўрқиб туришади. Агар юқорида айтилган ишлардан кейин ҳам хиёнат қиладиган бўлсалар, меросхўрлардан икки киши раддия қасами ила уларни фош қилишлари, шарманда бўлишлари эҳтимоли бор. Шундан қўрқиб ҳам ўзларига ишонилган вазифани виждонан адо этадилар. Булар ҳаммаси эҳтиёт чоралари. Аммо гувоҳликни ҳаққоний адо этишнинг асосий таянчи тақводир. Шунинг учун ҳам оят сўнггида:
«Аллоҳга тақво қилинглар ва қулоқ осинглар. Аллоҳ фосиқ қавмларни ҳидоят қилмас», дейилмоқда.
Агар инсонда тақво бўлмаса, Аллоҳдан қўрқмаса, ҳеч нарсадан тап тортмайди. Унга минг бора қасам ичиринг, тепасига мингта мелиса қўйинг, фойдаси йўқ. Одам қачонки Аллоҳга тақво қилиб, унга қулоқ оссагина, атрофига тилидан ва қўлидан яхшиликлар етади. Жумладан, гувоҳликни ҳам ҳаққоний адо этади. Тақвоси бўлмаса, фосиқ бўлади. Фосиқни эса  Аллоҳ таоло ҳидоят қилмайди.

«Ҳаворийлар: «Эй, Ийсо ибн Марям, сенинг Роббинг бизга осмондан тузатилган дастурхон тушира олурми?» – деганларида, у: «Агар мўмин бўлсаларингиз, Аллоҳга тақво қилинглар», деганини эсла». (Моида сураси, 112-оят)

«Бу дунё ҳаёти ўйин-кулгудан ўзга ҳеч нарса эмас. Тақво қилувчилар учун охират ҳовлиси яхшироқдир. Ақл юритмайсизларми»? (Анъом сураси, 32-оят)

«У билан Роббиларига тўпланишдан қўрқадиганларни огоҳлантир. Уларга ундан ўзга валий ҳам, шафоатчи ҳам йўқ. Шоядки, тақводор бўлсалар». (Анъом сураси, 51-оят)

Қиёмат кунидан қўрқадиганлар – Роббилари ҳузурида тўпланишдан қўрқадиганлардир.
«У билан Роббиларига тўпланишдан қўрқадиганларни огоҳлантир».
Қуръони Карим билан қиёмат кунида Роббилари олдида тўпланишдан қўрқадиганларни огоҳлантир. Сенинг огоҳлантиришингни ўшалар ихлос билан тинглайдилар ва ундан фойда оладилар. Чунки қиёмат кунида:
«Уларга ундан ўзга валий ҳам, шафоатчи ҳам йўқ».
Ҳа, ўзлари уларга Аллоҳдан ўзга валий ҳам, шафоатчи ҳам бўлмаслигини яхши биладилар.
«Шоядки, тақводор бўлсалар».
Шоядки, улар бу огоҳлантиришингдан манфаат олиб, ҳақ йўлини қаттиқ ушлаб, тақводор бўлсалар.

«Тақво қиладиганлар зиммасида у (мушрик)ларнинг ҳисобидан ҳеч нарса йўқ. Лекин эслатма бор. Шоядки, тақво қилсалар».
(Анъом сураси, 69-оят)

Мўминлар билан кофир мушрикларнинг ораси очиқ. Тақводор мўминлар мушриклар қилган гуноҳлар учун ҳисоб бермайдилар. Аммо уларни тўғри йўлга – тақво йўлига солиш учун ваъз-насиҳат эслатма гапларни айтишлари бор.

«Намозни қоим қилинг ва Аллоҳга тақво қилинг! У сизлар ҳузурига тўпланадиган Зотдир». (Анъом сураси, 72-оят)

Аллоҳ, бизларни ҳалол пок ризқ ила ризқлантиргин. Ўзингга ишондик, яхши амаллар қилайлик, эҳсон қилайлик. Ҳузурингга тўпланар эканмиз, иймон келтирдик, бизни қулоқ осувчи, нажот топувчи бандаларингдан қил.
Илоҳим, бу дунё ҳаёти ўйин кулгудан ўзга ҳеч нарса эмас. Бизга тақво қилувчилар учун яхшироқ бўлган охират ҳовлисини насиб айла.
Аллоҳим, Китобинг огоҳлантириши ила Ўзингга тўпланишдан қўрқадиганлардан қил, шояд, тақводор бўлсак.
Оламларнинг Роббиси, бизни зиммасида мушрикларнинг ҳисобидан, эслатмадан бошқа ҳеч нарса йўқ бўлган тақводорлардан қил.
Ҳузурингга тўпланар эканмиз, намозларимизни тўла тўкис адо этишда ва тақво қилишда Ўзинг мададкор бўл.

Янгиланди ( 03.07.2017 14:04 )