A-
 A 
A+
http://www.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
http://www.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
http://www.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://www.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
http://www.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://www.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
Шоядки тақводор бўлсаларингиз (Тўққизинчи қисм)
Муаллиф:    18.07.2013 15:36    PDF Босма E-mail

Шоядки, тақводор бўлсаларингиз

Тўққизинчи қисм

«Агар қишлоқлар аҳллари иймон келтирганларида ва тақво қилганларида эди, Биз, албатта, уларга осмону ердан баракотларни очиб қўяр эдик. Лекин улар ёлғонга чиқардилар, бас, уларни қилган касблари туфайли тутдик». (Аъроф сураси, 96-оят)
Ушбу ояти каримада баён қилинаётган оддий ва содда ҳақиқатни инсоният тушуна олмаётгани ғоятда ажабланарли ҳол. Инсонларга осмон ва заминдан баракот эшиклари очилиши учун биргина шарт кифоя, яъни  инсон иймонли ва тақволи бўлиши лозим экан. Ана ўшанда, унга осмону заминдан баракотлар эшиги ланг очиб қўйилади. Чунки иймон инсонни баракотли ҳаёт йўлига бошлайди. Чунки  тақво инсонни фаровон ҳаёт йўлига солади. Иймон билан тақво бир-бирига чамбарчас боғлиқ бўлганидек, баракот ҳам уларга боғлиқдир.


«Мусо ўз қавмига: «Аллоҳдан ёрдам сўранглар ва сабр қилинглар. Ер Аллоҳники, уни бандаларидан кимни хоҳласа, ўшанга мерос қилиб берадир. Ва оқибат тақводорларникидир», – деди».
(Аъроф сураси, 128-оят)

 

Бу ҳол Пайғамбарларга хос вазминлик ва хотиржамликнинг олий белгиси, Аллоҳга ҳақиқий иймони бор мўминларга хос ишонч ва сабот. Мўмин фақат Аллоҳдангина мадад сўрайди, иймон йўлида бошига тушадиган мусибат ва савдоларга сабр қилади.

«Ва бизга бу дунёда ҳам, охиратда ҳам яхшиликни ёзиб қўй. Биз Сенинг Ўзингга тавба қилдик, – деди. У Зот: Азобим ила кимни хоҳласам, тутаман. Раҳматим эса  ҳамма нарсадан кенгдир. Уни тақво қилганларга, закот берганларга, оятларимизга иймон келтирганларга ёзажакман».
(Аъроф сураси, 156-оят)

«Уни тақво қилганларга, закот берганларга, оятларимизга иймон келтирганларга ёзажакман».
Аллоҳ таолонинг раҳматига шубҳасиз сазовор бўлиши, унинг раҳмати ёзилиб қолиши учун банда бир неча сифатларга эга бўлиши лозимлиги шарт қилинмоқда:
Биринчиси – тақво қилиш. Яъни Аллоҳнинг айтганини қилиб, қайтарганидан қайтиб яшаш.
Иккинчиси – закот бериш. Яъни  Аллоҳга молиявий ибодат қилиш.
Учинчиси – Аллоҳнинг оятларига иймон келтириш.
Тўртинчиси – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиш.
Ушбу тўртинчи шарт келаси оятда баён қилинади.

«Улардан бир жамоа: «Аллоҳ ҳалок қилувчи ёки шиддатли азоб-ла азобловчи қавмга ваъз қилиб нима қиласиз?!» – деганида, улар: «Роббингизга узр бўлиши учун ва шоядки, тақво қилсалар деб», – дедилар». (Аъроф сураси, 164-оят)

Яъни  учинчи бир гуруҳ ўзларини бошқача тутдилар. Насиҳат қилаётган жамоага мурожаат қилиб, бу осийлар қилар ишни қилиб бўлишди, энди Аллоҳ уларни ҳалок қилади ёки қаттиқ азоб билан азоблайди, уларга насиҳат қилиб нима қиласиз, барибир, фойдаси йўқ, дедилар.
«Улардан бир жамоат: «Аллоҳ ҳалок қилувчи ёки шиддатли азоб-ла азобловчи қавмга ваъз қилиб нима қиласиз?!» деганида...»
Насиҳат қилувчилар эса  биз насиҳатни:
«Роббингизга узр бўлиши учун ва шоядки, тақво қилсалар деб» қилмоқдамиз, дедилар.
Яъни  Аллоҳ олдидаги бурчимизни адо этдик. Охират куни Аллоҳ сўраб қолса, узр бўлиши учун, уларга насиҳат қилдик ва яна шоядки, насиҳат таъсир этиб, тақво қилиб қолсалар, деган умидимиз бор эди, дедилар.
«Бас, улардан сўнг, ортларидан китобни меросга олган бир ўринбосарлар келдики, улар мана бу тубаннинг ўткинчи(матоҳи)ни оладилар ва «Бизни кечирилур», – дерлар. Агар ўшанга ўхшаш ўткинчи нарса келса, яна олаверадилар. Улардан Аллоҳга нисбатан фақат ҳақдан бошқа нарса айтмасликка Китобнинг аҳду паймони олинган эмасмиди?! Улар у(китоб)даги нарсаларни ўрганганлар-ку?! Охират ҳовлиси тақво қилганлар учун яхшидир. Ақл ишлатмайсизларми?!» (Аъроф сураси, 169-оят)

«Уларнинг устига тоғни худди соябондек кўтарганимизни, улар уни, устимизга тушиб кетади, деб ўйлаганларида, сизга берган нарсамизни қувват ила олинглар ва ундаги нарсани эсланглар, шоядки, тақво қилсангиз, деганимизни эсла». (Аъроф сураси, 171-оят)

«Сизга берган нарсамизни қувват ила олинглар ва ундаги нарсани эсланглар, шоядки, тақво қилсангиз»
Ушбу оятда Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб, ушбу ҳодисани ўзларига замондош Бани Исроилликларга эслатишни амр этмоқда. Чунки  Бани исроилликлар ўша ҳукмларни ҳам унутиб, Аллоҳнинг йўлидан озиб, Унга берган аҳд-паймонларини эсдан чиқарган эдилар.

«Тақво қилувчилар, агар уларга шайтондан бир шарпа етса, албатта, зикр қиларлар, бас, кўрибсанки, улар (тўғри йўлни) кўрувчи бўлиб турибдилар».
(Аъроф сураси, 201-оят)

Суранинг аввалида шайтон қандай йўл билан Одам алайҳиссаломни жаннатдан чиқаришга эришгани, шунингдек, шайтоннинг васвасаси Одам боласи тақдирида тўхтовсиз давом этиб туриши ҳам айтиб ўтилган эди. Лекин шайтон нима қилганда ҳам васвасадан нарига ўта олмайди. Агар ўзича билиб ҳаракат қилса, ҳар бир инсон учун шайтоннинг васвасасидан қутулишнинг осон йўли бор. Бунинг учун у мўмин-мусулмон, тақводор бўлса бўлди.
Мазкур
«Тақво қилувчилар, агар уларга шайтондан бир шарпа етса, албатта, зикр қиларлар» (яъни, уларга шайтонинг васвасаси етса, дарҳол Аллоҳни зикр қиладилар).
«...бас, кўрибсанки, улар (тўғри йўлни) кўрувчи бўлиб турибдилар».
Аллоҳни зикр қилиш, ҳар доим эслаб юриш шайтонга қарши энг ишончли ва кучли қуролдир.
Демак, шайтондан бирор бир шарпа (васваса, иғво ва ғазаб) етиши жаҳолат, кўрлик ва нодонликка бошлайди. Аллоҳнинг зикри эса  илм-маърифат, кўзи очиқлик ва оқиллик манбаидир.

«Сендан ўлжалар ҳақида сўрарлар. Сен: «Ўлжалар Аллоҳ ва Пайғамбарникидир. Бас, Аллоҳга тақво қилинглар ва ўз ораларингизни ислоҳ этинглар. Агар мўмин бўлсангиз, Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига итоат қилинглар», деб айт».
(Анфол сураси, 1-оят)

«Ва сизлардан фақат зулм қилганларнинг ўзигагина етмайдиган фитнадан сақланинг. Ва билингки, албатта, Аллоҳнинг иқоби шиддатлидир». (Анфол сураси, 25-оят)

Ушбу ояти каримадаги «фитна» сўзи бошқа оятлардаги каби синов ва бало маъноларини англатади. Қайси бир жамоада золимлар зулм қилганда, бошқалар қараб турса, ҳамма – зулм қилганлар ҳам, қараб турганлар ҳам баробар балога гирифтор бўладилар. «Зулм» деганда бир шахснинг иккинчи шахсга тажовуз қилишигина англанмайди, балки бу сўзнинг маъно қамрови кенг бўлиб, ҳамма ноҳақликлар ва барча гуноҳларни англатади. Хусусан, динни тарк этиш, Аллоҳнинг амрига юрмаслик катта зулм ҳисобланади. Қайси бир жамиятда ана шундоқ зулмлар содир этилса, ўша жамиятнинг барча аъзолари: зулм ишларни қилганлари-ю, уларга бефарқ қараб турганлари биргаликда фитнага – оммавий бало-офатга гирифтор бўладилар. Шунинг учун ҳам  Аллоҳ таоло Ўзига иймон келтирган бандаларини бундан огоҳлантириб, ушбу хитобни қилмоқда.

«Эй, иймон келтирганлар, агар Аллоҳга тақво қилсангиз, сизга фурқон беради, сизнинг гуноҳларингизни ювиб, мағфират қилади. Аллоҳ улуғ фазл эгасидир».
(Анфол сураси, 29-оят)
Юқоридаги ишларни тўғри амалга ошириш учун тақво керак. Балки ўша таълимотларга амал қилишнинг ўзи тақводир.

«Эй, иймон келтирганлар,агар Аллоҳга тақво қилсангиз, сизга фурқон беради».
Яъни тақводор кишига Аллоҳ таоло ҳақдан ботилни, яхшидан ёмонни ажратадиган, фарқлайдиган ҳидоят ва нур бериб қўяди. «Фурқон» дегани ажратувчи – фарқловчи деганидир. Ана ўша ҳидоят ва нур ила тўғри йўлдан юриб борилади. Тақводорларнинг гуноҳлари ҳам ювилади, ҳам мағфират қилинади. Бу катта бахтдир. Аммо Аллоҳ таоло бу билан кифояланиб қолмайди. Тақводорларга яна бошқа мукофотлар беради.
«Аллоҳ улуғ фазл эгасидир».
Келаси оятда Аллоҳнинг мусулмонларга берган фазлини эслатиш учун уларнинг ўтмиши ёдга солинади:

«Нега энди Аллоҳ уларни азобламас экан. Улар Масжидул Ҳаромдан тўсмоқдалар. Ҳолбуки, Унинг валийлари эмаслар. Унинг валийлари тақводорлардан ўзга ҳеч ким эмас. Лекин кўплари билмаслар». (Анфол сураси, 34-оят)

Яъни Аллоҳ уларни азобласа, ҳаққи бор, уларнинг қилмиши азобга лойиқ. Улар одамларни Масжидул Ҳаромдан тўсмоқдалар. Мусулмонларни унга яқинлаштирмаяптилар. Аслида, уларнинг бунга ҳаққи йўқ, улар Масжидул Ҳаромнинг валийлари – мутасаддилари эмаслар. Қандай қилиб Аллоҳнинг уйига кофиру мушриклар валий – мутасадди бўлар экан? Байтуллоҳга фақат бир тоифа одамларгина валий – мутасадди бўла оладилар. Улар тақводорлардир.
Лекин кўпчилик буни билмайди.
Мушриклар қандай қилиб Байтуллоҳга валий – мутасадди бўлсинлар? Улар улуғ мақомдаги ибодатни ҳам нотўғри қиладилар-ку?!

Ё Робб, бизларни ҳузурингда тақводор бандаларингдан санаб, осмону ерлардан баракотларингни очиб қўй.
Аллоҳ, Ўзингдан ёрдам сўраймиз ва сабр қиламиз, оқибат тақводорларникидир.
Бизни тақвода, закот беришда, оятларингга иймон келтиришда ва Пайғамбарингга эргашишда бардавом қил, ҳамда шу туфайли бизга бу дунёда ҳам, охиратда ҳам яхшилик ёзгин.
Охират ҳовлиси тақводорлар учун яхши экан, бизни ақл ишлатадиганлардан қил.
Илоҳо, бизга берилган Китобингга маҳкам бўлишни ва ундаги нарсани доимо эсда тутишни насиб эт, шоядк, тақво қилсак.
Парвардигор, бизларга шайтондан бир шарпа етса, зикр қилувчилардан, ўрталаримизни ислоҳ қилувчилардан қил, фитналардан асра.
Аллоҳ, Ўзинг улуғ фазл эгасисан, тақвоимиз туфайли бизга фурқонни бер, гуноҳларимизни ювиб, бизларни мағфират айла.

Янгиланди ( 02.07.2017 19:48 )