A-
 A 
A+
http://www.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
http://www.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
http://www.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://www.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
http://www.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://www.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
Шоядки тақводор бўлсаларингиз (Ўн биринчи қисм)
Муаллиф:    20.07.2013 06:19    PDF Босма E-mail

Шоядки, тақводор бўлсаларингиз

Ўн биринчи қисм

«Сен у(масжид)да ҳеч қачон турма! Албатта, биринчи кундан тақво асосида қурилган масжидда турмоқлигинг ҳақдир. Унда покланишни севадиган кишилар бор. Аллоҳ эса  покланувчиларни севадир». (Тавба сураси 108-оят)

Исломга зиён етказиш, куфрга хизмат қилиш, мўминлар орасига тафриқа солиш, Аллоҳга ва Унинг Расулига қарши урушадиганларнинг кузатув жойи қилиш ниятида қурилган масжидда намоз ўқиш ҳеч қачон Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ва мўминларга тўғри келмайди. Уларга энг лойиқ жой бор. Ўша Масжидул Зирорнинг ёнгинасида дунёда биринчи бўлиб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан тақво асосида қурилган Қубо масжиди турибди.

«Биносини Аллоҳга бўлган тақво ва Унинг розилиги асосида қурган кимса яхшими ёки биносини емирилаётган жар ёқасини асос қилиб қуриб, у билан бирга жаҳаннам ўтига қулаган кимса яхшими? Ва Аллоҳ золим қавмларни ҳидоят қилмас».
(Тавба сураси 109-оят)

 

Ҳар бир иш тақво асосида, Аллоҳ таолонинг розилигини кўзлаб қилингандагина мустаҳкам ва барчага фойда келтирадиган бўлиши мумкин. Ана шундай иш қилган одам таги қаттиқ ва ишончли ерга мустаҳкам бино қурган бўлади.
Бузуқ ният билан, Аллоҳнинг розилигини эмас, ёмонликни кўзлаб, қандайдир шахслар, тузумлар ва жамоалар розилигини кўзлаб қилинган иш эса  қулаб кетай деб турган жар ёқасига, емирилиб бораётган бўш тупроқ устига бино қуриш билан баробардир. Унинг биноси битар-битмас ўзи билан бирга жарга қулаб тушади.
Оятда ушбу ўхшатиш ила Аллоҳнинг розилиги учун Қубо масжидини қурган тақво аҳли яхшими ёки хиёнат, куфр ва нифоқ йўлида Аллоҳнинг эмас, Абу Омир фосиқнинг амри ила, унинг розилиги учун, Ислом ва мусулмонларга қарши жосусхона ниятида қурилган Масжидул Зирор яхшими, деган савол ташланмоқда.

«Эй, иймон келтирганлар, Аллоҳга тақво қилинглар ва содиқлар ила бирга бўлинглар».
(Тавба сураси 119-оят)

«Эй, иймон келтирганлар, сизга яқин бўлган кофирларга қарши жанг қилинг. Улар сиздаги шиддатни кўрсинлар. Ва билингки, албатта, Аллоҳ тақводорлар билан биргадир». (Тавба сураси 123-оят)

«Албатта, кеча ва кундузнинг алмашиб туришида ва Аллоҳ осмонлару ерда яратган нарсаларда тақво қиладиган қавмлар учун оят – белгилар бордир». (Юнус сураси 6-оят)

Кеча-кундузнинг алмашиб туриши доимий жараён. Жуда ҳам улуғ бир жараён. Дунё бино бўлганидан бери бир хилда давом этиб келаётган жараён. У бир сонияга ҳам хато қилмайди. Кеча кириши муқаррар лаҳзада кеча киради. Кундуз бўлиши муқаррар лаҳзада кундуз бўлади. Ҳеч ким, ҳеч қандай куч бу жараёнга аралаша олмайди. Ҳаммаси Аллоҳнинг иродаси ва тадбири ила рўй беради. Аммо  бу ишлар тинимсиз такрорланаверганидан, инсон бу жараёнга эътибор бермай қўйган, унинг қандай содир бўлаётгани, ким томонидан қилинаётгани ҳақида кўп ҳам фикр юритмайди. Агар фикр юритганида, шундай қудратли Аллоҳ Ўз бандаларидан бирига ваҳий юбориши мумкин эканлигига ажабланмас эди.
Шунингдек, осмонлару ерда Аллоҳ таоло яратган нарсаларнинг ҳар бирида, каттаю кичик, юмшоғу қаттиқ – барча-барчасида Аллоҳдан қўрқадиган бандалар учун Унинг мавжудлигига ва ҳамма нарсага қодирлигига далиллар бисёрдир. Шу боис, қадимги мусулмон файласуфлар бошқа миллатларнинг худосизлари билан қилган ақлий тортишувларида ҳар бир нарсанинг аслини суриштириб кўрар эдилар. Яъни  осмонлару ердаги ҳар бир нарсанинг бу дунёга қандай келгани ҳақида савол берар эдилар. Жавоб эса  Аллоҳ яратган, дейишдан ўзга бўлмас эди. Агар кишида заррача тақво бўлса, осмонлару ерда яратилган ҳар бир нарсада Аллоҳга, Унинг Пайғамбарига ва ваҳийга иймон келтириши учун керагича далил топа олади.

«Сен: «Сизларни осмонлару ерда ким ризқлантиради? Ёки қулоқ ва кўзларингизнинг эгаси ким, тирикни ўликдан, ўликни тирикдан ким чиқаради? Ишнинг тадбирини ким қилади?» деб айт. Улар, албатта: «Аллоҳ», дерлар. Бас, сен: «Тақво қилмайсизларми?» деб айт.
(Юнус сураси 31-оят)

Яъни  чиндан ҳам шундай бўлса, Аллоҳдан қўрқмайсизларми? У сизга ризқ, қулоқ, кўз берган бўлса, ўликдан тирикни, тирикдан ўликни чиқараётган бўлса, борлиқдаги ҳар бир ишнинг тадбирини қилаётган бўлса, нимага Ундан қўрқмайсизлар? Нимага Унга иймон келтирмайсизлар? Нимага Унга ибодат қилмайсизлар?!

«Улар иймон келтирганлар ва тақво қилганлардир».
(Юнус сураси 63-оят)

Демак, Аллоҳнинг дўсти бўлиш жуда ҳам осон экан. Бунинг учун, аввало, У Зотга иймон келтириш; иккинчидан эса тақводор бўлиш, яъни  Аллоҳнинг айтганини қилиб, қайтарганидан қайтиб яшаш лозим экан. Кимнинг иймонида заррача хато бўлса ёки Аллоҳнинг кўрсатмалари асосида эмас, ўзганинг йўлида ҳаёт кечирса ёхуд ўзи ўзига йўлланма тузиб олса, у одам Аллоҳга дўст бўлиш бахтидан маҳрумдир.

Аллоҳим, қурилажак масжиду биноларимизни биринчи кундан Ўзинга бўлган тақво ва Сенинг розилигинг асосида бўлишини насиб айла.
Аллоҳим, Ўзингга тақво қилайлик, Ўзинг билан бирга бўлайлик, содиқлар билан бирга бўлайлик.
Бизни кеча ва кундузнинг алмашиб туришида ва осмонлару ерда яратган нарсаларингда оят белгиларингни идрок қилиб, улар ҳақида тафаккур қилувчи тақводор бандаларингдан қилгин.

Янгиланди ( 02.07.2017 19:17 )