A-
 A 
A+
http://www.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
http://www.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
http://www.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://www.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
http://www.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://www.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
Шоядки тақводор бўлсаларингиз (Ўн учинчи қисм)
Муаллиф:    22.07.2013 01:51    PDF Босма E-mail

Шоядки, тақводор бўлсаларингиз

Ўн учинчи қисм

«Иймон келтирган ва тақво қилганлар учун, албатта, охиратдаги ажр яхшироқ бўлур». (Юсуф сураси, 57-оят)

Иймонли ва тақводор кишилар қилган гўзал амаллари учун бу дунёнинг ўзидаёқ яхши-яхши ажр-мукофотларга эришадилар, аммо уларга охиратда бериладиган ажр-мукофотлар бундан ҳам яхшироқдир.

«Улар: «Э-э, ҳали сен Юсуфмисан?!» – дедилар. У: «Мен Юсуфман, мана бу − иним. Аллоҳ бизга марҳамат кўрсатди. Ҳақиқатан, ким тақво ва сабр қилса, Аллоҳ, албатта, гўзал иш қилувчиларнинг ажрини зое қилмагай», деди».
(Юсуф сураси, 90-оят)

Юсуфнинг акалари шошиб қолдилар. Чунки  улар билан анчадан бери муомала қилаётган Миср бош вазири бир вақтлар ўзлари ҳасад орқасида қудуққа ташлаб юборган укалари Юсуф бўлиб чиқишини ҳеч кутмаган эдилар.


«Улар: «Э-э, ҳали сен Юсуфмисан?!» – дедилар.»
Улар кўзларига ҳам, қулоқларига ҳам ишонмай, яна бир бор тасдиқлаб олмоқчи бўлдилар. Шунда Юсуф алайҳиссалом:
«Мен Юсуфман, мана бу − иним. Аллоҳ бизга марҳамат кўрсатди», дедилар.
Узоқ айрилиқдан сўнг бизни учраштирди. Ҳолимизга раҳм қилди. Обрў-эътибор берди. Бунинг ажабланарли жойи йўқ. Чунки:
«Ҳақиқатан, ким тақво ва сабр қилса, Аллоҳ, албатта, гўзал иш қилувчиларнинг ажрини зое қилмагай».
Биз ҳам қўлимиздан келгунча тақво ва сабр қилдик, оқибатда шу даражага эришдик, дедилар.

«Биз сендан илгари ҳам фақат шаҳар аҳлидан эр кишиларга ваҳий юбориб, Пайғамбар этганмиз. Ер юзида юриб, ўзларидан олдингиларнинг оқибати нима бўлганига назар солмайдиларми? Албатта, охират диёри тақво қиладиганлар учун яхшироқдир. Ақл юритмайдиларми?!» (Юсуф сураси, 109-оят)

 

«Тақводорларга ваъда қилинган жаннатнинг мисоли (будир): остидан анҳорлар оқади, мевалари ва соялари доимийдир. Бу, тақво қилганларнинг оқибатидир. Кофирларнинг оқибати эса дўзахдир». (Раъд сураси, 35-оят)

Жаннатнинг васфида бошқа кўпгина оятлар ҳам келган. Улар билан ўз ўрнида танишдик ва яна танишамиз. Ушбу ояти карима ҳам жаннатни қисқача таърифлаб ўтмоқда.
«Тақводорларга ваъда қилинган жаннатнинг мисоли (будир)...»
Демак, жаннат фақат тақводорларга ваъда қилинган экан. Бошқаларга эмас. Ўша жаннатнинг васфи бундоқдир:
«остидан анҳорлар оқади, мевалари ва соялари доимийдир».
Яъни  тақводорларга Аллоҳ таоло томонидан ваъда қилинган жаннатнинг дарахтлари остидан анҳорлар оқиб туради. Бу − энг олий навли боғу бўстоннинг васфидир. Бу дунёда ҳам дарахти остидан анҳорлар оқиб турган боғ, анҳори йўқ боғдан неча чандон устун туриши ҳаммага маълум. Жаннатникининг васфига тил ожизлигини ҳам ҳамма билади.
Тақводорларга ваъда қилинган жаннатнинг яна бир сифати мевалари доимийлигидир. Бу дунёнинг боғлари ҳар қанча яхши бўлган чоғида ҳам меваси доимий эмаслиги маълум. Ҳар йили бир неча ҳафталик мавсумида меваси бўлиб, бир узиб олингандан кейин тамом бўлади. Янаги йилнинг мавсумини кутишга тўғри келади. Жаннатнинг мевалари эса доимий бўлиши ушбу ояти каримада таъкидланмоқда. Жаннатнинг мевалари мавсумий эмас, доимийдир. Жаннатийлар қачон хоҳласалар, ҳузурларида тайёр бўлиб туради.
Шунингдек, жаннатнинг соялари ҳам доимийдир. Куннинг маълум соатида соя бўлиб, кейин сояси йўқолмайди. Ёки дарахтлари сербарг бўлганда сояли бўлиб, маълум вақтдан кейин барглари тўкилиб, соясиз бўлиб қолмайди.

Меҳрибон Зот, охират диёри тақводорлар учун яхшироқ экан, охират ажри яхшироқ экан, бизни тақво ва сабр қиладиган бандаларингдан қил ва бизларни тақводорларга ваъда қилинган, остидан анҳор оқадиган, ҳамда мевалари ва соялари доимий бўлган жаннатларингдан баҳраманд айла.

Янгиланди ( 02.07.2017 19:06 )